Илмий тадқиқот натижаларини хорижда чоп эттириш тажрибаси

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтида олиб борилаётган кўплаб сайъ-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, халқаро эътироф этилган илмий-техник электрон базалардаги илмий журналларда ўзларининг илмий ишларини кўришни истаган ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар учун Elsevier компаниясининг Марказий Осиёдаги директори Алия Оспанова ҳамда компаниянинг Ўзбекистондаги координатори Дилноза Алланазарова иштирокида жорий йилнинг 13 октябр куни семинар-тренинг ташкил этилди.

Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Т.Султанов семинар-тренинг тадбиридан кўзланган асосий мақсад, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Elsevier компанияси билан тузилган “Илм-фан - 2020” лойиҳаси доирасида Scopus ҳамда ScienceDirect илмий техник электрон базаларидан самарали фойдаланиш, ҳозирги кунда республикамизда бу кўрсаткичнинг ошиб бораётганлиги ҳақида маълумот бериш билан бирга институтнинг халқаро эътироф этилган жаҳон рейтингида муносиб иштирок этишда олимларнинг илмий тадқиқот ишларининг натижалари алоҳида ўрин эгаллаши тўғрисида  тушунчалар берди. Шундан кейин иштирокчиларга “Импакт факторга эга бўлган илмий журналларнинг талаблари ва илмий мақолаларнинг ёзилиш тартиблари” тўғрисида тақдимот учун Elsevier компаниясининг Марказий Осиёдаги директори Алия Оспановага сўз берилди.  

  

Тақдимотда Elsevier компанияси  ва унинг фаолияти ҳақида қисқача маълумот бериб ўтар экан, олий тоифали меҳмон, тадбир қатнашчиларининг мазкур маълумотлар базаларидан хабардор эканлигидан мамнунлигини яшириб ўтирмади. Тақдимот давомида Scopus ҳамда ScienceDirect маълумотлар базаларидан ўрин олган журналларнинг барчаси юқори импакт факторга эгалиги ҳамда  уларда илмий мақолаларни чоп этиш тўловларсиз эканлиги, ҳар бир журналнинг мақола ёзишда керак бўладиган ўз талаби борлиги ва ушбу талаблар асосида ёзилган илмий иш мазкур маълумотлар базасидан албатта жой олиши ҳақида мисоллар асосида тақдимот қилинди.

Шу билан бирга, тақдимотга ташриф буюрган қатнашчиларга Elsevier компаниясининг яна бир маҳсулоти “Mendeley” ҳақида ҳам таништирилди. Мақола ёзишда жаҳонда ўз нуфузига эга бўлган Mendeley библиографиясиинг ўрни катта эканлиги ва талаб доирасида расмийлаштириладиган барча мақолалар Scopus маълумотлар базасидан ўрин олишига ишонч билдирди. Ўз сўзини якунлар экан, Алия Оспанова Scopus ҳамда ScienceDirect илмий техник электрон базаларидан фойдаланиш бўйича институтнинг олимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

  

Тадбир иштирокчиларда жуда катта қизиқиш уйғотди ва кутилганидек тақдимот юзасидан  кўплаб саволлар берилди ҳамда мутахассис томонидан аниқ ва равшан жавоблар қайтарилди. Тадбир якунида, институт раҳбарияти ва семинар иштирокчилари томонидан мутахассислар Алия Оспанова ҳамда Дилноза Алланазароваларга миннатдорчиликлар билдирди ва келажакда илмий салоҳиятини янада кўтарилиши ва мамлакатимиз Олий таълим муассасаларининг жаҳонда ўз мавқеларини ошириш йўлидаги хизматларига омад ва зафарлар тилади.

Институт халқаро рейтингини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Ғиёсиддин Ғозиев ахбороти

   Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов