Германияга амалиёт ўташ мақсадида

Жорий йилнинг 13 декабрь куни институтимизга Германиянинг LOGO (Европа қишлоқ хўжалиги ва экологик тараққиёти) жамияти раҳбари Хартвиг Меннен ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори ўринбосари Б.Ғаниев ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад LOGO жамиятининг фаолияти, мақсад ва вазифалари билан институтимиз бакалавриатура ва магистратура босқичидаги талабаларини яқиндан таништириш, шунингдек, талабаларни 6 ойдан 1 йилгача муддатга Германияга қишлоқ хўжалиги соҳасида амалиётга юбориш ва уларни қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларидаги билимларини мустаҳкамлаш бўйича имкониятлар билан таништиришдан иборат бўлди. 

Бундан ташқари, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сон Фармони билан янги ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти ва вазифалари тўғрисида жамғарманинг директор ўринбосари Б.Ғаниев талабаларга маълумот берди. Учрашув сўнгида талаба ва магистрантлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан меҳмонларга юзландилар.

         Институт халқаро алоқалар бўлими бошлиғи И. Абдураҳмонов ахбороти

        Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов​