Юксалиш ватанпарварликдан бошланади
Давлатнинг қудратини белгилайдиган омиллардан бири унинг ҳарбий кучи ва техникаси бўлса, иккинчи омил уни ишлата оладиган, уқувли, қобилиятли ва билимга эга бўлган авлоднинг мавжудлигидир. Ҳар бир техниканинг моҳиятини билиш, характеристика билан танишиш ўз йўлига. Муайян ҳарбий техникага дахлдор таъриф ва тавсифлар ҳақида билимга эга бўлиш мумкин, лекин уни ишлатиш уқувига эга бўлинмаса, бу ҳаракат мантиқсиз ва моҳиятга эга бўлмайди.
2020 йил 14 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5529-сон фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Республикамизнинг турли вилоят, туман ва шаҳарларида "Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати" мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкиллаштирилгани сир эмас.
Ана шу мақсадда ТИҚХММИ нинг ички ҳовлисида Ўзбекистон Қуролли кучларининг деярлик барча техникаларидан намуналар келтирилди. Эрталабдан талаба ва профессор ўқитувчилар ҳарбий техникани ўз кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаш асносида ҳарбий мутахассислардан қизиқиб маълумотлар ола бошлашди. Ҳатто, ҳарбий машиналарни устига чиқиб, ичига кириб бошқариш технологияси билан қизиқдилар. Ҳарбий техникамизни ҳайратомиз назар билан кузатиб турган талабаларда ўз ватанига бўлган муҳаббат ва фахр ҳисси устун бўлгани рост. Айни пайтда уни қўриқлаш, зарур пайтда ўз юрти учун қилич бўлиш, қалқон бўлиш туйғуси қалбларига кўчган бўлса ҳам ажаб эмас. Талабаларнинг айримлари ҳарбий техника ва машиналарга дахлдор техник характеристика билан танишар ва ўша атрофда бўлган ҳарбий мутахассисларга саволлар бериб қониқарли жавоблар олишарди.
Талабалар енгил зирҳланган автомобиль ўқотар қуроллар, мина фугаси ва бошқа қўл кузатиб бориш патруллик хизматини олиб бориш, шахсий таркибни ташиш ва бошқа жанговар махсус вазифаларни бажариш учун мўлжалланган 15 тонна оғирликдаги, узунлиги 6370мм, баландлиги 2843мм бўлган ТАЙФУН К - 53949 нинг ёнида галма-гал суратга тушиб завқланишди. Ҳамма турдаги йўлларда ва йўлсиз жойларда юкларни ташиш ва прицепларни тортишга мўлжалланган, автомобил платформаси одамларни ташишга ҳам мослаштирилган бўлиб у ҳамма иқлим шароитида, жумладан, тропик иқлимларда, йилнинг ҳар қандай шароитида-40дан +55 С ҳароратда фойдаланишга яроқли бўлган КАМАЗ-43118 автомобиль ёнида, ғилдиракли, сузадиган ВТР-80 зирҳли транспортёри устида расмга тушишни ҳам талабалар ёдидан чиқазишмади. 60мм RR-93 минамёти силлиқ стволли қурол душманни ёпиқ жойда, баландлик орқа томонида, ўрмонлардаги пана жойларда куч ва ўт очиш воситаларини шикастлантиришга мўлжалланганини ҳам билиб олишди.
Институтимиз асосий биносининг олд томонидаги майдончада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардия тизимидаги хизмат ходимларининг жанговар тайёргарлик машқлари намойиш этилди. Махсус мотоциклчилар ва отлиқ аскарларнинг зотдор, жанговар отлар устида савлат тўкиб туриши кимни қувонтирмайди, кимни фахрлантирмайди, дейсиз.Талабалар ўзларида фахр-ифтихор туйғуларини туйгани уларнинг юз-кўзларида балқиб тургани рост. Тушдан кейин тадбирнинг иккинчи қисми бошланди. Институтнинг муҳташам, замонавий тарзда таъмирланган залга нуфузли меҳмонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари таклиф этилди.
Иштирокчиларни институт ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич ўзларининг табрик нутқлари билан тадбирни очиб бердилар. Сўнгра бир гуруҳ фахрийлар ва ҳарбий кафедра ўқитувчилари институт ректорининг махсус фармойишига мувофиқ эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Кейин эса фахрийлар кенгашининг раҳбарларидан бири Рустам Султоновга сўз берилди. Улар барча ватан ҳимоячиларини самимий муборакбод этдилар. Айниқса, генерал Абдуллажон Артиқбоевнинг тўлқинланиб кетган ҳолда, 95 ёшни қаршилаётган уруш фахрийсининг микрофон қаршисига бориб билдирган табриги дуо ўрнида хосиятли бўлди десак, муболаға бўлмайди.Сўнгра таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури йиғилганларда катта таaссурот қолдирди.
Тадбир якунида Миллий гвардия ҳарбий қисм бошлиғи ўринбосари Умид Ҳасанов тадбирни ташкил этишдаги кўмаги учун институтимиз ректорига самимий миннатдорчилигини билдира туриб Ташаккурнома тақдим этди. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, бу йилги байрам тадбирида ёшлар бўйича проректорнинг ташаббускорлиги, янгича услубда ёндашганлиги яққол сезилиб турди.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов