Бобур бадиияти
Маълумки, феврал ойи бу чинакам маънода гўзал ва ғазал ойидир, десак муболаға бўлмайди. Чунки дунё бадиий адабиётида иккита гигант сиймо ҳазрат Навоий ва Бобурнинг таваллудлари муносабати билан шеърхонлик кечалари ташкил этилиши ҳар йили анъана тусини олган.
Ўтган ҳафта бутун Республикамиз бўйича навоийхонлик тадбирлари ўтказилган бўлса, айни кунларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ маърифий кечалар ташкил этилмоқда.
Худди шу мақсадда институтимизнинг 2-ТТЖда “Бобурнинг бебаҳо бадиияти” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда филология фанлари номзоди Раҳимбой Джуманиязовнинг мазмундор суҳбати ва “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасасининг иқтидорли тингловчиларидан Шуҳрат Исломовнинг чиқиши талабаларда сўз санъатига завқ уйғотди.
Тадбирда ГИМ факультети маънавият ва маърифат ишлар бўйича декан ўринбосари Ортиқ Рўзибоев, 2-ТТЖ тарбиячи педагоги, психолог Дилором Саъдуллаева, ГТҚ факультети маънавият ва маърифат ишлар бўйича декан ўринбосари Азим Азимов, ГИМ факультети “Гуманитар фанлар” кафедраси ассистенти Баҳриддин Муқимовлар иштирок этишди.
Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркардалик фаолияти билан алоҳида ажралиб турган сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди.
Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Бобур ҳаёти ва ижодиёти бўйича викторина саволларига жавоб бериб турли хил китобларни ютиб олган талабалардан Абдураимов Абдунаби, Ғайбуллоев Бобуржон, Толибов Авазлар барчага ўрнак бўлишди.
“ГИМ” факультети “Гуманитар фанлар” кафедраси ассистенти Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов