Халқаро илмий семинар ўз ишини якунлади
2021 йилнинг 14 апрель куни Испаниянинг Леида университети, "Ўрта аср тадқиқотлари” ва "Ўрта асрларда ирригация ва қишлоқ хўжалиги" илмий-тадқиқот гуруҳлари ва институтимизнинг "Гуманитар фанлар" кафедраси билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро илмий семинар ўзи ишини тугаллади. Илмий семинарда жами 11 та маърузалар тингланди. Хелена Кирчнер, Феликс Ретамеро, Херменегильдо Фернандес, Энрик Гуинот ва бошқалар ўрта асрларда ирригация тизимлари тарихига оид қизиқарли чиқишлар қилдилар.
Бугунги илмий семинарда Камолиддин Шамсиддин “Қадимги туркларда суғориш тизимларига оид атамалар (форс ва араб манбалари асосида)”, доц. Х.Назаров “Ўрта асрларда Марказий Осиёда ирригацион иншоотлар тизими ва сув ресурсларини бошқариш” мавзусида илмий маъруза билан чиқдилар. 13 апрель куни аввал хабар берганимиздек, ушбу семинарда т.ф.д., проф. Ш.М.Ўлжаева ва институт таянч докторанти М.Маҳмудовалар илмий маърузалари билан чиқиш қилдилар. Жами 11 маърузачидан 4 таси институтимиз профессор-ўқитувчиларга тегишли. Бу маърузалар жамоамизнинг халқаро майдонда ўз ўрнини топиши, илм-фан соҳасида интеграциялашувида ўзига хос ўрин тутади деб ўйлаймиз. Келажакда чоп этилиши кутилаётган ушбу илмий ишларнинг натижаларидан институтнинг ўқув, ўқув-услубий ва илмий ишларини ташкиллаштиришда фойдаланиш мумкин ва улар муҳим манба бўлиб хизмат қилади деб ўйлаймиз.
14 апрелдаги шўъбада модераторлик қилган институтимизнинг “Гуманитар фанлар” кафедраси мудири проф. Ш.М.Ўлжаева илмий семинарда ушбу ўзаро илмий алоқаларнинг аҳамияти ҳақида сўзлади ва “тарихимиздан бугунги кунгача сақланиб келган ирригация тизимлари ва объектларини биз бугун тўлиқ ўрганиб чиқишимиз ва шу йўналишда ҳам сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш лозим. Узоқ асрлар давомида аждодларимизга хизмат қилиб бугунги кунгача етиб келган ирригация иншоотларини мониторингини олиб борилиши ва улар ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши керак. Бу иншоотларни кейинги авлодга бутун ҳолатда етиб боришини таъминлаш ҳам бугунги куннинг долзарб вазифасидир” дея алоҳида таъкидлади. Семинар сўнгида ушбу илмий алоқалар келажакда давом эттирилиши алоҳида таъкидланди. Шу билан семинар ўз ишига якун ясади.
ГИМ факультети “Гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати