Мадҳия матни муаллифи мангуликка мезон
Эл-юртини севган, унинг тараққиёти ва фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қилган фарзандларни тарих ҳам сийлайди. Халқимизнинг тинч, тўкин ва барқарор ҳаёти, ёруғ келажаги йўлида курашган инсонлар номи ҳақли равишда абадиятга дахлдордир. Бугун институтнинг "Ер ресурсларини бошқариш" факультетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талаба-ёшлари Адиблар хиёбонида ўзбек халқининг буюк адиби Абдулла Орипов сиймоси акс этган ҳайкал қошида жам бўлишди.
Эл севган адиб, Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Давлат мадҳияси матнининг муаллифи Абдулла Орипов ижодий ва ҳаётий фаолиятини яна бир бор ёд этишди.Тадбирда сўзга чиққанлар Абдулла Ориповнинг ҳозирги ўзбек адабиёти ва замонавий таржимашунослик ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзладилар. Шунингдек, тадбирда Абдулла Орипов шеъриятида руҳ озодлиги талқини, унинг жонкуяр ва ғамхўр устозлиги, бадиий ва публицистик асарларини алоҳида эътироф этдилар. Факультет декани Ш.Нарбаев шоир ижодида уйғунлашган ҳаёт ва одамлар, жамият ва табиат ҳақидаги бадиий талқин ва шоирнинг юксак камолотидан дарак берганини таъкидлади. У она образиними, биринчи муҳаббатга содиқ лирик қаҳрамон образини яратадими, Ўзбекистон ҳақида куйлайдими, олам ва одамлар ҳақида шеър тўқийдими, ҳамма-ҳамма ўринда ҳаёт ҳақиқати билан бадиий ҳақиқатга содиқ қолади. Унинг шеърларида фалсафий мушоҳадалар тобора чуқур тус олаётганлиги сезилади. Абдулла Орипов — ноёб истеъдод эгаси. Чуқур фалсафийликлик, миллий ғурур, исёнкор руҳ, диний-ахлоқий теранлик шоир шеърияти асосларини ташкил этади. Ўзбек халқининг миллий уйғониши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун кураш йўлида Абдулла Орипов шахси ва ўткир шеърияти мисли кўрилмаган ўрин тутганини қайд этиб ўтиш жоиз.
Айниқса, Ўзбекистон Давлат мадҳияси матнининг муаллифи сифатида кеча мактабга чиққан болажонлар ҳам сўзни Абдулла Орипов шеъри, Мутал Бурхонов мусиқаси деб айтишади.Унинг асарлари ўзбек шеъриятини ҳамон бойитмоқда. Тадбирда қатнашчилари Абдулла Орипов ижодига мансуб, баҳор ва Ватанимиз гўзаллигини тараннум этувчи шеърлардан талаба-ёшларимиз ҳамда жажжи болажонларимиз намуналар ўқидилар. Атоқли шоир, Абдулла Орипов – ўзбек шоири ва жамоат арбоби. Абдулла Орипов ижоди замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаларидан бирини намоён этди,- дейди - "Ердан фойдаланиш" кафедраси мудири А.Бобожонов. Дархақиқат унинг шеърларида инсоннинг чуқур руҳий дунёси ва халқ тарихи таҳлил этилган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Муҳтарам президентимиз ташаббуслари билан юртимизга жуда катта ўзгаришлар бўлди. Бу ўзгаришлардан бири бу мана шундай гўзал Адиблар хиёбонидир. Бугун бу гўзал масканга нафақат Абдулла Ориповни сиймоси акс этган ҳайкал қошида, яна бир қатор атоқли шоиримиз хусусан, Эркин Воҳидов, Ғофур Ғулом, Саид Ахмад, Муҳаммад Юсуф каби шоирларимиз ҳам зиёрат қилишди. бу гўзал масканга йиғилишимиздан мақсад, шоирларимизни ижодий меросини ёш авлодга Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда ўзига хос мактаб эканини яна бир бор таъкидлашдан иборатдир.
ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати