Грантлар танлови учун билим ва жасорат керак

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди, Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хотираси ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида, Татяна Каримова ва Лола Каримова-Тилляева томонидан 2016 йилда таъсис этилган.

Жорий йилнинг 13 ноябр санасида, институтимизда таҳсил олаётган 4 – босқич талабаларига «Каримов Фонди» бўйича давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбати Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фондининг бўлим бошлиғи Б.Абдуллаев, етакчи ходими Н.Қодировалар иштирокида бўлиб ўтди. Тадбир давомида Каримов Фонди бўйича кенг имкониятлар борлиги, улардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида талабаларга маълумотлар берилди ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди Россия, Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олиш учун Фонд грантларини тақдим этиш бўйича танлов эълон қилади. Танловда Ўзбекистонда ҳамда чет эл олий ўқув юртининг охирги босқичида ўқиётган ёки муваффақиятли битирган, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлар иштирок этиши мумкин. Бунинг учун номзод:

  • Қайта тикланувчан энергия манбалари;
  • Кимё. Кимё технологияси;
  • Сув ва ер ресусрларини бошқариш;
  • Машинасозлик технологиялари;
  • Архитектура. Бино ва иншоотларни қуриш;
  • Автомобил йўллари, кўприклар, тоннеллар, йўл ўтказгичлар ва аэродромларни лойиҳалаш ва қуриш;
  • Текстил саноати технологиялари ва ускуналари;
  • Туризм хизматларини ташкил этиш ва бошқариш;

Ахборот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар  мутахассисликларидан бири бўйича таълим олган (ёки айни пайтда ўқишни тамомлаётган) бўлиши шарт. Мазкур фондда 35 ёшдан ошмаган иштирокчилар қатнашиш имкониятига эга. Фонд грантини қўлга киритишни истаган номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:

- фаолиятини миллий истиқлол ғояларига бағишлаш;

- Ватани ва халқининг иқтисодий ва маънавий равнақига хизмат қилишни ўз бурчи ва ҳаётий маслаги деб билиш;

- умумбашарий ва миллий қадриятлар руҳида фикр юритиш, кенг дунёқараши ва юксак ахлоқ соҳиби бўлиши;

- танлаган мутахассислиги бўйича чуқур билимга эга бўлиш ҳамда камида битта хорижий тилни аъло даражада билиш.

Ҳужжатлар 2018-йилнинг 5-ноябридан 24-ноябригача Фонднинг сайтига (fondkarimov.uz) электрон кўринишда юборилади. Талаб этилган ҳужжатлар, танлов шартлари муддатлари тўғрисида қўшимча маълумотларни: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мовароуннаҳр кўчаси, 24 - уйдан ёки +99871 237 34 20; 237 38 13  телефон рақамлари ҳамда Телеграм мессенжеридаги алоҳида канал: @ГрантФондКаримов шунингдек, fondkarimov@gmail.com электрон почта орқали олишингиз мумкин.

«Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди» Хориж олийгоҳларида таҳсил олиш учун 3-грантлар танлови ҳақида давра суҳбатининг тақдимотини ушбу манзилдан олишингиз мумкин.

Иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш бўлими услубчиси  З. Қиличова ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов