Техника фанларини ўқитиш самарадорлигини ошириш борасида хамкорлик ишлари

  Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик билим юрти “Умумтехника фанлари” кафедраси билан 2017 йил 12 сентябрда тузилган ҳамкорлик шартномаси доирасида “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедраси катта ўқитувчиси Т.У.Апакхужаева, кафедра ассистенти Д.Е.Атакуловлар Чирчиқ олий танк қўмондонлик билим юрти “Умумтехника  фанлари”  кафедрасига 2020 йил 12-декабрь куни ташриф уюштириб, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар билан биргаликда тадбир ўтказдилар. Тадбир  “Техника фанларини ўқитиш самарадорлигини ошириш” мавзусида давра суҳбати шаклида ўтказилди. Давра суҳбати давомида Т.У.Апакхужаева ўзининг илмий тадқиқот ишларини ўқув жараёнига тадбиқ этиш, ўқув жараёнларида олиб борилаётган ишлар, ўқув адабиётлари яратишнинг янги талаблари, виртуал лабораторияларни яратишда компьютер дастурларидан фойдаланиш, уларни яратишда нималарга эътиборни қаратиш кераклиги ҳақида маъруза қилди ва давра суҳбати иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.  Д.Атакулов "Гидравлика ва гидроинформатика" кафедрасида тайёрланган лаборатория ишлари бўйича маълумот бериб, яратилган виртуал лаборатория дарсларидан Чирчиқ олий танк қўмондонлик билим юрти профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳам фойдаланишлари мумкинлигини баён этди. Шу билан бирга Т.У.Апакхужаева “Суюқликнинг ҳаракат режимлари” мавзусида, Д.Атакулов “Калта ва узун қувурлар гидравлик ҳисоби” мавзусида маҳорат дарсларини ўтиб бердилар ва билим юрти курсантлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг қизиқтирган саволларига амалиётга ва уларнинг соҳаларига боғлиқ мисоллар асосида жавоб бердилар.  Учрашув сўнггида билим юртларининг профессор-ўқитувчилари ўқув, илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, таълим самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш лозимлиги ҳақида фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

ТИҚХММИ матбуот хизмати