Янги ташкил этилган академик лицей тажриба ўрганиш жараёнида
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиали ҳузуридаги академик лицейи ўқитувчилари немис тили фани ўқитувчиси Шодмонова Н, инглиз тили фани ўқитувчиси Гелдиева Ф, психолог Иллиевалар таълим жараёнини ўрганиш, институт фаолияти билан танишиш, кафедралар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида ТИҚХММИга ташриф буюрдилар ва институтнинг малакали ўқитувчилари билан танишдилар, уларнинг иш фаолиятларини яқиндан ўрганиб, ўзларига керакли бўлган ўқитиш усуллари ва маълумотларни ўзлаштирдилар. Институтнинг инглиз тили кафедраси мудири доцент Файзулло Беков дарсларни янги инновацион технологиялар асосида ўқитиш усуллари кераклигини таъкидлаб, институт профессор ўқитувчилари муаллифлигида чоп этилган барча методик ўқув қўлланмалардан фойдаланишни тавсия этдилар.
Академик лицей ўқитувчилари институтдаги дарс жараёнларини кузатдилар ва институтнинг тиллар кафедрасида ҳам бўлдилар. Тиллар кафедраси мудираси Қиличова Ф. рус тили фани ўқитувчиси Юсупов Э., Аллянова И., ўзбек тили фани ўқитувчиси Абдужабборова Ф. ўзларининг иш тажрибалари билан ўртоқлашишди. Ҳамкорлик жараёнида академик лицей ўқитувчилари ТИҚХММИ ҳузуридаги Inter-House академик лицейида ҳам бўлдилар. Мазкур лицейнинг инглиз тили фани ўқитувчилари билан фикр алмашиб, дарс жараёнларини кузатиб бордилар ва ўзаро ҳамкорликни яна давом эттиришни келишиб олдилар.