Навоий ва Бобурни англай олаяпмизми?
Шу кунларда сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллиги кенг нишонланмоқда. Жорий йилнинг 15 февраль куни “Ер ресурсларини бошқариш” факультети талабалари жойлашган 1 - талабалар турар жойида Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова ташаббуси билан “Навоий ва Бобурни англай олаяпмизми”? шиори остида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Гуманитар фанлар” кафедрасидан катта ўқитувчилари М.Ҳакимова, Н.Рахмонбердиева, Х.Ботирова, Б.Мамадаминовалар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, Навоий ва Бобур ижоди туркий адабиётнинг энг юксак чўққисидир. Навоий туркий тил асосида бетакрор боғ яратиб, дунё аҳлини ҳайратга солган бўлса, Бобур шу туркий назм гулшанидаги бепоён боғни чин маънода бўстонга айлантирган ва ҳинд юртида ҳам ижодкорлар раҳнамоси бўлган. Шу боис улар ижоди ҳамон қунт билан ўрганилмоқда. Ҳазрат Бобур ҳақида дунё олимлари турли жанрда 12 мингдан зиёд катта-кичик асар ёзган. Навоий яратган жами 34 асарнинг ҳар бири ҳақида юзлаб тадқиқотлар қилинган, диссертация ва монографиялар ёзилган. Аслида, боболаримизнинг ҳар мисра битиги бир тадқиқот бўла олади. Шоир боболаримиз абадиятининг сири, асарлари қиммати нимада, нега улар фикрлари ва ўгитлари барча даврлар учун ҳам долзарб бўлиб қолаверади, икки аллома шоиримиз шахсини, асарлари бадиятини бугун қай даражада тушунаяпмиз, англаб етаяпмиз, бой адабий мероси, айниқса, асарлари қўлёзма матнларини, нечоғли ўргандик, улар асосида қанчалик мукаммал илмий нашрлар тайёрлаяпмиз, асарларини ўқитиш ва тарғиб этиш бўйича қанақа масалалар бор, деган саволларга бироз бўлсада жавоб излаб кўришни мақсад қилганмиз.Навоийшунослик ва бобуршуносликдаги бугунги муаммолар ҳақида сўз борар экан, даставвал матншунослик билан боғлиқ ҳолатларга эътибор қаратамиз.
Жонли мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатидан талаба-ёшлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов