Aнъаналар бардавом

Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Устоз шогирдиниг зимистон дунёсини илм қуёшининг мўжизакор зиёси билан мунаввар этади. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.

Aввал хабар берганимиздек Гидромелиорация факултетининг “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедрасига қарашли “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” таълим йўналиши 307-гуруҳ фаол талабалари гуруҳ мураббийи бошчилигида ўқувчилар учун қизиқарли очиқ дарслар ташкил етиш мақсадида мактабларга ташриф уюштиришни бошлаб, келгусида бу фаолиятни анъанага айлантиришга келишиб олгандилар.

16-март куни 84-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқувчилари учун галдаги очиқ дарс ташкил этилди. Ўтказилган очиқ дарс ўқувчилар томонидан танланган “Eрда сувнинг пайдо бўлиши” мавзусида бўлиб ўтди. Мавзуни фаол талабалар ўзлари томонидан тайёрланган маълумотлар асосида тушунтириб, мавзуга доир расмлар, видеороликлар ва мултфилмлар асосида очиб бердилар. Гуруҳ мураббийи Санобар Дўстназарова мавзу юзасидан умумий хулосалар бериб, ўқувчиларнинг ташкил етиб келинаётган очиқ дарслар ҳақида фикрлари билан қизиқди. Келгусида бўлиб ўтадиган дарсга қадар ўқувчилар ўзларининг сувни тежашга қўшган хиссаларини синфнинг махсус дафтарига ёзиб боришларига ва энг фаол ўқувчилар рағбатлантирилишига келишиб олинди.

Талабалар томонидан ўқувчилар учун совға тариқасида олиб борилган китоблар жамланмаси синф кутубхонасига топширилди. Дарс якунида эса мактабнинг маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари жамоасига аталган мактаб директори ва ота-оналар кенгашининг махсус Ташаккурномасини талабаларга топширди. Келгусида институт ва мактаб ўртасидаги ушбу ҳамкорлик бардавомлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўқувчиларнинг ҳам институтга ташрифини ташкил этиш режалаштирилди.

 

Гидромелиорация факултети 307-гуруҳ талабаси Aзизбек Ҳасанов ахбороти

 ТИҚХММИ матбуот хизмати