Венгрия ОТМлари билан ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ҳамда Венгриянинг Будапешт технология ва иқтисодиёт университети (БМЕ) ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда ТИҚХММИ биринчи проректори, Профессор Мирзаев Баҳодир Суюнович, Ердан фойдаланиш кафедраси таянч докторанти, Эразмус+ “DSinGIS” лойиҳаси Миллий координатори, Илхом Абдурахманов, БМЕ Халқаро алоқалар бўйича проректори Др.Балаш Винcе Наж, Халқаро алоқалар директори Др.Адриен Раткаи-Фузеси, Ректор кабинетининг чет тилларини ўқитиш комиссари Др.Гергелй Ласло Виг, Қурилиш муҳандислиги факультети декани ўринбосари Др.Тамаш Ловаш, Геодезия кафедраси мудири Др.Саболч Роза ва Эрасмус+ “DSinGIS” лойиҳаси координатори, Геодезия кафедраси доценти Др.Лорант Фолдварй иштирок этишди.
Ушбу учрашувни дастлаб ҳар икки ОТМ проректорлари кириш сўзлари билан очиб бериб, учрашув иштирокчилари ва ўз ОТМлари билан таништириб ўтишди ҳамда ТИҚХММИ ҳақидаги қисқа видеоролик қўйиб берилди.
Шундан сўнг, қуйидаги асосий масалалар муҳокама қилинди:
- икки ОТМ ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини келишиш ва имзолаш;
- Геодезия ва геоинформатика мутахассислиги бўйича қўшма магистратура дастурини йўлга қўйиш; бу бўйича шартнома тузиш; унинг структуравий ва молиявий масалалари, мавжуд фонд ва стипендия дастурларидан фойдаланиш ва ҳк.
Шунингдек, учрашув давомида талабгорларни қўшма магистратура дастурига қабул қилиш жараёни, Геодезия ва геоинформатика мутахассислиги ўқув режасидаги мавжуд мутахассислик фанлари, уларга ажратилган кредитлар, танлов фанлари, шунингдек магистрантлар томонидан тўпланган кредитларни ўзаро тан олиш, магистрлик диссертациялари ҳимоясини ҳамкорликда ташкил этиш каби масалалар бўйича дастлабки муҳокамалар амалга оширилди.
Учрашув сўнггида келгусида амалга ошириладиган аниқ вазифалар келишиб олинди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Будапешт технология ва иқтисодиёт университети Венгриянинг техника йўналишидаги етакчи университети ҳисобланиб, QS Халқаро ОТМлар рейтингида топ-801+ ўринда, QSнинг муҳандислик (Engineering – Civil and Structural) бўйича фан рейтингида (Subject ranking) 151+ ўринда жойлашган.
ТИҚХММИ матбуот хизмати