Хохай университетидаги магистрантларимиз билан масофавий мулоқот
Илмнинг қаерда ва қачон олиниши эмас, балки унинг қандай ва қай даражада эгалланиши моҳиятли. Таълим тизимида ҳам ривожланган хорижий давлатлар билан ҳамкорликлар тараққиётимизга замин бўлар экан, бу масала доимий диққат эътиборимизда бўлиши ҳам аҳамиятли. Жорий йилнинг 16 июнь куни ўтказилган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалари ва институтнинг бугунги кунда Хитойнинг Хохай университетида магистратура босқичида тахсил олаётган битирувчилари ўртасидаги онлайн мулоқот худди шу мақсади билан эътиборга молик бўлди.
“ZООМ” платформаси орқали ўтказилган масофавий мулоқотда институтимиз ректори Ў.Умурзаков раҳбарлигида проректорлар, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар ва битирувчи курс иқтидорли талабалари вакиллари, Хитойнинг Хохай университетида магистратура босқичида таҳсил олаётган битирувчиларидан 8 нафари, жами 100га яқин иштирокчилар қатнашишди. Суҳбат чоғида хорижда таҳсил олаётган битирувчиларнинг ҳаёти ва ўқиш ҳолати ва шароитлари билан танишилди. Талабаларнинг Пандемия шароитидаги ўқиш ва яшашда ижобий тажрибалари билан алмашиш, тарғиб этиш ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу онлайн форумда Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор, техника фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Салоҳиддинов модераторлик қилди.
Институтимиз ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич ўзларининг кириш сўзида ҳамкорлик самараси амалий натижалар билан белгиланишини таъкидлаб хорижда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиш ва яшаш шароитига оид муаммолар билан қизиқиб, уларга қандай ёрдам керак бўлса, институт раҳбарияти доим тайёр эканлигини уқтириб ўтди. Сўнгра модератор Хитойда таҳсил олаётган, пандемия сабаб бугун ўз ватанида бўлган магистрларга сўз навбатини берди. Хохай университети Hydrology and Water resources мутахассислиги 2-курс магистранти Каримбоев Ферузбек дастлаб барча талабаларни таништирди ва сўнгра ўз тажрибаси ҳақида гапириб берди.
Бурхонов Бекзод ва Эргашев Жамшид Хохай университети Hydrology and Water resources мутахассислиги бўйича 2-курс магистрантлари сифатида ўқиш жараёни ва талабнинг юқори эканлиги, барча талабалар дарс машғулотларига масъулият билан қараши борасида тўлқинланиб сўзлашди. Сўнгра Хохай университети Public management мутахассислигининг 2-курс магистранти Сафаев Акбарбек, Agricultural Engineering мутахассислигининг 2-курс магистранти Машарипов Умидбеклар таҳсил пайтида ҳар иккала давлатнинг ҳамкорликдаги ишончи, манфаати ва шарафи бўлиш туйғуси доимо қалбларидан кечмагани борасида сўзладилар. Шунингдек, Хохай университети Hydrology and Water resources мутахассислиги 1-курс магистранти Йўлдошев Аббос, Public management мутахассислиги 1-курс магистранти Хайруллаев Зоиджонлар ўқишни муваффақиятли тугатиб, ўз соҳавий йўналиши бўйича илмий ишларни давом эттириб, барча режа ва натижаларини ўз ватани манфаати йўлида амалга ошириш ниятида эканликларини айтиб ўтдилар. Ўзаро савол-жавоблардан шу нарса маълум бўлдики, институтимизда таҳсил олаётган бошқа талабаларга ҳам орзу, истак, бошқача айтганда, мотивация бўлгани сир эмас. Ректоримиз уларга талаб ва ишонч йўсинида қуйидаги мазмундаги фикрлари билан йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бердилар.
Бугунги кун талаби фақат ўқиш ва ўқитишгина эмас, балки қўллаш, таълим тажрибаларини амалда ишлата олишдир. Бу эса магистратура таълимига бевосита дахлдор бўлиши керак. Бунга аслида, бакалавриат тизимидаёқ эътиборни қаратиш керак. Барча фанлар қатори математика фанига кўпроқ эътибор қаратиш зарур, Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни бусиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўтган ҳафтада муҳтарам Президентимиз ЎзФАнинг янги Математика институтининг очилишида "Кечаги дарс бериш услуби билан математикани жадал ривожлантириб бўлмайди. Шу боис аввал амалда яхши натижа берган хорижий методика асосида таълим дастурлари яратиб, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш зарур. Методика шундай бўлиши керакки, у болаларда математикага муҳаббат уйғотсин. Бунинг учун ўқувчилар бу фан ҳаётда, ҳар бир соҳада ўзига кераклигини англаши зарур. Ёшлар имтиҳондан ўтиш учун эмас, билимли мутахассис бўлиш учун ўқиши лозим, – деб таъкидлаганлари бежиз эмас.
Демак, амалий математикага, ҳар хил соҳалардаги моделлаштириш масалаларига эътибор қаратишимиз керак. Умуман айтганда, инженер ёки иқтисодчи математикасиз ўз касбининг чинакам эгаси бўла олмайди, илмий ходим ҳам бўла олмайди. Йигитларимиз бу ғояни яхши тушунадилар. Публикация масаласи жиддий масала уларнинг супервайзери маълум бир натижа олгандан кейин тезликда эълон қилиш керак. Шунинг учун бу ишни давом эттириш керак уларнинг ҳаммуаллифликда бўлгани ҳам маъқул. Жамшид айтиб ўтганидек, институтдаги айрим ўқитувчилар билан алоқада бўлинаётгани, маслаҳатли иш тутилаётганлиги ҳам мақсадга мувофиқ. Публикацияга қайта - қайта эътибор қаратаётганимиз боиси мамлакатимиз тараққиётини назарда тутган ҳолда, ватанингиздами, ё хорижда бўлсин, албатта, докторлик диссертацияларингизни ҳимоя қилишга киришишингиз керак, бу бизнинг хоҳишимиз ва талабимиз ҳам, - деди институтимиз ректори Хитойда таҳсилда бўлган магистрантларга. Институтга қайтиб ўқитувчиларни савиясини кўтариш, тажрибаларни алмашиш учун сиз сингарилар янада кўпайиши керак, - дея таъкидлаб, қандай муаммолар бўлса, биз албатта, бартараф этамиз, доимий алоқадамиз, деб уларга ишонч билдирдилар. Карантин тугагач, албатта, Хитойда ўқишларини яна муваффақиятли давом эттиришларига тилак билдирдилар.
Пандемия шароитида онлайн тизим анча фойдали бўлгани, муҳим рол ўйнагани аниқ, лекин юзма-юз туриб дарс олиш ва дарс беришнинг мазмун-моҳияти барибир бўлакча. Илм-маърифатнинг ривожи ҳаракатимиз, мақсад ва фаолиятимизнинг маёғи бўлиши керак. Модератор профессор Абдуҳаким Салоҳиддинов онлайн форумни якунлай туриб иштирокчиларга самимий тилакларини билдирдилар ва бундай йўсиндаги масофавий мулоқотларни бундан кейин ҳам тез-тез ташкил этиб туриш зарурлигини таъкидладилар.
ТИҚХММИ матбуот хизмати