ОТМларнинг глобал рақобатбардошлигини оширишга бағишланган вебинар
Бугун, 17 июнь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши, «Elsevier» компанияси, Ўзбекистоннинг Бельгия Қироллигидаги элчихонаси ҳамкорлигида «Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг замонавий шароитда глобал рақобатбардошлигини ошириш йўллари» мавзусида вебинар ўтказилди.
Вебинарда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Elsevier» компанияси ўртасида ўзбек олимларининг нашр фаоллигини ошириш, ОТМни халқаро университетлар рейтингига киритиш, уларнинг илмий журналлари сифатини ошириш ва нуфузли илмий-техник маълумотлар базаларига киритиш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Вебинарда Ўзбекистоннинг Бельгия Қироллигидаги элчихонаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Д.Хакимов, Республика олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори Ў.Умурзаков, «Elsevier» компанияси вице-президенти Феликс Хаесит, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимкулов, ОТМлар ректорлари, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари иштирок этди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва «Elsevier» компанияси ўртаси имзоланган битимга кўра, олий таълим муассасалари илмий-тадқиқот фаолиятини «SciVal» платформаси орқали таҳлил қилиш имкониятига эга бўлади. Мазкур таҳлилий платформадан Глобал инновациялар индекси (The Global Innovation Index), ТНЕ, QS ва бошқа рейтингларда давлатларнинг илмий-техник салоҳиятини баҳолашда фойдаланилади.