ТИҚХММИда республикада биринчи бўлиб бакалавр битирувчисига QR кодли В № 00000001 рақамли электрон диплом берилди

Таълимнинг муаяйн босқичларининг якунига етиши ва битирув имтиҳонларини муваффақиятли топшириш елкадан тоғ ағдарилгандек таассурот уйғотиши табиий. Битирув оқшоми эса янада моҳиятли бўлади.  Тинимсиз изланиш, ахборот ресурс марказлари, кутубхоналарда китоб мутолаа қилиш, оралиқ, жорий ва якуний назоратларни муваффақиятли топшириш борасида ўтган бедор тунлар бир зум унутилгандек бўлади, гўё. Аслида, бу сабоқ берган устозлар ва умид кўзи билан қараган ота-она олдидаги ишончнинг янги босқичига тайёргарликдир. Академик шоиримиз Ғафур Ғулом айтганларидек, "Билиб қўйки, сени ватан кутади". Илм олиш ва таҳсил кўриш учун барча шароитларни яратиб берган она ватан, ҳукуматимиз ва давлат раҳбари олдидаги мажбурият бурчини адо этишга ҳозирлик кўришдир. Эндиликда, ватан менга нима берди саволидан кўра, мен ватанимга нима бердим деган савол орқали ўзига нисбатан масъулият ҳиссини туйиш зарурияти кўндаланг туради. Олддаги мақсад - кимдир таҳсилни юқори босқичларда давом эттириб илм қилишни афзал билса, кимлардир ўз соҳаси, касби бўйича меҳнат жабҳасига йўл олади. Бакалавриат ва магистратура босқичи битирувчиларининг бугунги куни улар ҳаётида бир умрга муҳрланиб қолиши, шубҳасиз.

Соҳамиз ва касбимизнинг муҳимлиги ва долзарблигини куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг  "Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонидан ҳам билишимиз мумкин. 11 та банддан иборат бўлган ушбу фармонда сўнгги йилларда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланиб келгусида яна қандай ишлар амалга ошириш кераклиги муфассал тарзда ифодалаб берилгани сир эмас. Вазиятга мувофиқ тарзда, пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ўтказилган “Битирувчи — 2020” онлайн тадбирида ҳам ана шу юқори кайфият, кўтаринки руҳ ҳукмронлик қилди.

2019-2020 ўқув йилида институт битирувчилари учун ташкил этилган онлайн тадбирда барча битирувчилар қатори уларнинг ота-оналари ҳам кузатиб боришди. “Битирувчи — 2020” онлайн тадбири ZOOM платформаси орқали амалга оширилди. 17 июль куни соат 11.00.да бошланган Онлайн-тадбирга Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чориев модераторлик қилди. Сўнгра Р. Чориев тадбирни оча туриб, битирувчиларни табриклашлари учун институт ректорига сўз берди. Ректор, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич мустақил ҳаётга қадам қўяётган барча битирувчиларни самимий табриклади. Бакалавр дипломининг янги шакли QR кодли диплом бериш йўлга қўйилгани ва республикада биринчи бўлиб QR кодли В № 00000001 рақамли диплом  институтимиз битирувчисига берилгани қувонч билан эътироф этилди.

Иш берувчи ташкилотлар номидан Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” Қўмитаси раиси Турахужаев Хабибулло Собиржанович, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов,  “Ўзсувқурилиш” Акциядорлик Жамияти бошқаруви раиси Умаров Рустам Розиқовичлар ўзларининг табрикларини изҳор қила туриб, бугунги кунда жаҳошумул муаммога айланган сув масаласи ниҳоятда долзарблиги битирувчиларимизнинг ҳам зиммасига улкан масъулият юклашини эътироф этишди. Шунингдек, иш берувчи бошқа ташкилотлар номидан  “Гидропроект” Акциядорлик жамияти директори Аҳмедов Алибек Илхамович,  Ўздаверлойиҳа  Давлат Илмий Лойиҳа Институти Бош директори Рухиддин Тураевлар касб масъулияти ва соҳа мажбурияти хусусида сўз юритиб, барча битирувчиларни чиндилдан олқишладилар. Уларнинг таълим берган устозларига ва тарбиялаб вояга етказган ота-оналарига миннатдорчилик билдириб куч-қувват ва соғлик тиладилар. Айниқса, тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, истеъдодли шоир Бобур Бобомуроднинг битирувчиларга аталган бағишлов шеърларидан ўқиб бериши даврага файз қўшди.

Сўнгра тадбир давомида Магистратура босқичи битирувчилари номидан "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишони совриндори А.Бердимуродов, Бакалавр босқичи битирувчилари номидан Олима Отахонова, Ёдгора Раззоқова, Маъруф Баратовларнинг табриклари ва миннатдорлик изҳорлари янгради. Онлайн тадбиримизни завқ ва қандайдир ички ғурур ва фахр билан томоша қилиб ўтирган битирувчиларнинг ота-оналарига ҳам навбат етди. Фарзандларига таҳсил даврида таълимий ва тарбиявий меҳрини берган профессор ўқитувчиларга, хусусан институт нуфузини кучли дунё университетлари даражасига кўтаришда фаол бўлган институт ректорига самимий дил истакларини билдирдилар. Юқори савия ва уюшқоқлик билан ташкил этилган "Битирувчи- 2020" онлайн тадбирга Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р. Чориев барчага ўз миннатдорчилигини билдириб якун ясади.

ТИҚХММИ матбуот хизмати