Тупроқнинг морфологик белгилари, тузилиши ва механик таркиби мавзусида oчиқ маъруза
Тупроқшунослик ва деҳқончилик асослари кафедраси доценти Абдусамат Ахатов Тупроқнинг морфологик белгилари, тузилиши ва механик таркиби мавзусида Очиқ маъруза ўқиди. 15 октябр бўлиб ўтган маърузада кафедра профессор ўқитувчилари иштирок этишди. Маърузачи тупроқ морфологиясини қуйидагича тушинтириб ўтди:
Тупроқ морфологияси деганда, унинг ташқи кўринишини изоҳловчи белгилар тушунилади. Уларга тупроқнинг генетик қатлам-лари, тупроқ қалинлиги,намлиги, ранги, структураси (донадорлиги), қовушмаси, механик таркиби, тупроқнинг янги яралмалари, қўшилмалари киради. Тупроқнинг морфологик белгилари асосан тупроқнинг ҳосил бўлиш ва ривожланиш хоссаларини изоҳлайди.
Тўлиқ ривожланган тупроқ асосан қуйидаги генетик қатламлардан иборат:
А — гумусли-аккумулятив қатлам;
В — иллювиаль ёки оралиқ қатлам;
С — тупроқ ҳосил бўлиш жараёнида кам ўзгарган она жинс қатлам;
D— тупроқ қатлами остида жойлашган тупроқ ҳосил бўлиш жараёнида ўзгармаган она жинс.
Тупроқнинг генетик қатлам-лари морфологик белгиларнинг миқдорий кўрсаткичлари ва бошқа хусусиятларига қараб қатламчаларга бўлиниши мумкин.
Ушбу маърузада талабалар тупроқнинг морфологик белгилари ҳақида назарий билимларини бойитдилар, келаси амалий машғулотларда эса назарий билимларини амалиётда қўллаб ўрганиш имконияти бўлади.
Ўқув-услубий бошқарма услубчиси Мафтуна Тошева ахбороти.