Театр – тарбия маскани
Маълумки, ёшларимизни юксак маънавиятли, теран тафаккур ва мустақил фикрга эга инсонлар этиб тарбиялашда театр санъатининг ўрни беқиёс. «Ирригация ва мелиорация» кафедраси доценти Адҳам Маматалиев раҳбарлигида «Гидромелиорация» факультети 2-курс 202-гуруҳ талабалари Ўзбекистон давлат драма театрига ташриф буюришди. У ерда яқинда 90 йиллик юбилейи муносабати билан Тошкент шаҳрида ҳайкали ўрнатилган буюк адиб Чингиз Айтматовнинг «Жамила» номли асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди. Талабалар спектаклни зўр қизиқиш билан томоша қилишди. Асарда беғубор, покиза муҳаббат асосида инсон эрки ва ҳуқуқи, асрий одатларга фаол муносабат кўрсатилди, урушга лаънат ўқилди, соф муҳаббатни кўкларга кўтариб қасида ўқилди. Асар қаҳрамонининг ўз бахти, муҳаббати йўлидаги жасорати кўрсатилди. Бу ташриф талабаларда катта таассурот уйғотди, мушоҳадага чорлади. Бу таассуротлар уларни театрга бўлган меҳрларини янада юксалтирган бўлса ажаб эмас. Шу ўринда талабаларнинг бу ташриф учун институт раҳбариятидан бениҳоя миннатдор бўлганликларини айтиб ўтмоқчимиз.
Доцент Адҳам Маматалиев ахбороти
Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов