Гармон - армон ва дармоним
Эллик бир йил давомида санъатнинг йўлини тутиб, тузини тотиб юриш асносида элнинг эътибор-у эҳтиромига тушиш насиб этган санъаткор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаммаджон Шокиров ўзбек мусиқа санъатида алоҳида ўринга эга. Институтимизда ташкил этилган “Гармон – дилга армон, жонга дармон” деб номланган ижодий мулоқотда Муҳаммаджон ака ўз шогирди истеъдодли хонанда Гулноза Каримова билан иштирок этдилар.
Улар ўз санъатларини институт аҳлига намойиш этиб яна бир бор олқишга сазовор бўлишди. Даставвал, устоз Раҳимбой Жуманиёзов модератор сифатида давра аҳлига бугунги меҳмонларни тадбир иштирокчиларига таништириб ўтдилар. Муҳаммаджон аканинг "Баҳор" ансамблида ўз фаолиятини бошлагани, 50 га яқин хориж давлатларида ўзбек санъатини намойиш этишда қатнашгани ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг тадбир меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаммаджон Шокиров ўз шогирди Гулнозахон билан ўзбекча ва ҳиндча қўшиқлардан ижро этиб даврага файз киритди.
"Мени гармон билан тасаввур этишади, - дейди Муҳаммаджон ака Шокиров, - шунинг учун ҳам менга Муҳаммад гармон деб лақаб қўйишган. Гармон орқали халққа танилдим. Раж Капур билан учрашганимда унга шляпани бошга қўндирган ҳолда, гармонни қўлимга олиб, "Жаноб 420" ва "Дайди" бадиий фильмларидан айрим қўшиқларни ижро этдим. У ўз аксини кўзгуда кўргандек шодланиб қиёфадошини ўзбек санъатида кўргандан бениҳоя мамнун бўлганди ўшанда. Машҳурлар билан мулоқот қилиб машҳур бўлдим. Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримов янги йилдан телевизион миниатюралар театри ҳажвий кўрсатуви билан чиқамиз. Шунга мос ҳолда, мусиқий шапка керак, бастакорларга айтсам, 2-3 ойдан кейин тайёрлаб бераман, - дейишаяпти, сиз тайёрлаб бера оласизми, қанча муддатга, деб сўради. Мен бир кунда ҳал этаман, дедим ва ваъдамни бажардим. Эргаш ака хурсанд бўлдилар. Мен ҳам Телевизион миниатюралар театрининг чиқиши биланоқ янграйдиган мусиқанинг бастакори сифатида тоҳануз ғурурланиб юраман." Муҳаммаджон аканинг ушбу мулоҳазалари интилганга толе ёр маъносида барчани руҳлантириб юборди. Тадбир мазмундор ва қизиқарли тарзда ўтди.
"Гуманитар фанлар" кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов