Мирзо бобурга бағишланган маърифий дастур

Диёр фироқи, унга талпиниш ҳисси Бобур мирзонинг бедор тунларига боис бўлганини англаш мумкин. Юртнинг ноз-у неъматларини кўзга тўтиё, мисоли меҳригиё деб билган Андижондан келтирилган қовунни ея туриб кўзлари жиққа ёшга тўлган шоҳлик ва шоирлик қисматини бошидан кечирган Мирзо Бобурнинг ҳаёти ва ижодиёти қайсидир маънода ибрат ва сабоқдир. Бу йил 538 йиллигини нишонлар эканмиз, Бобур Мирзонинг қолдирган адабий меросини синчиклаб ўрганишимиз унинг руҳини шод этиш баробарида аҳамиятлидир.

 

Институтимизда ўтказилган маънавий-маърифий тадбир худди шу санага бағишланди. Тадбир олдидан "Қишлоқ ва сув хўжалиги электр таъминоти" факультетининг профессор ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирокида "Адиблар хиёбони"да ўтказилган маърифий кечанинг видеоролики намойиш этилди. Президент стипендиати 2-курс талабаси Дилмурод Акбаровнинг Бобур ғазалидан ва ўзи ёзган улуғ шоирга бағишлов шеърининг ўқиб бериши айрича завқ бахш этди. Сўнгра ЎзДСМИ талаба ва ўқитувчиларидан таркиб топган "Сайқал" ижодий дастаси хонандаларининг чиқишлари намойиш этилди.

Бобур сиймосини телесериалда гавдалантирган Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузовнинг чиқиши даврага файз бахш этди. У Бобурнинг изтиробу кечинмалари акс этган монолог орқали шоҳ ва шоирнинг ҳаётига оид маълумотларни таъсирчан етказа олди. Тадбирда факультет талаба ёшлари ижросида қўшиқ ва рақслар ҳам ҳаммага бирдек маъқул келди.

Маънавий тадбирнинг жозибали тарзда ўтиши факультет декани ва ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари ҳамда бошқа мутасаддиларнинг ташаббускорлиги, ташкилотчилигининг самараси десак ўринли бўлади.

                

  ТИҚХММИ матбуот хизмати