Илк бор диссертация ҳимоясисиз фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси ТИҚХММИда химоя қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2017 йил 31 майдаги 239/4-сон қарори билан тасдиқланган “Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида НИЗОМ” нинг 1-боб 5-бандига муфовиқ, муҳим илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 6 та илмий мақола чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида диссертация ҳимоясисиз фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш мумкинлиги қайд этилган. Ушбу талабни Республикада биринчилардан бўлиб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтида 08.00.04-Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ихтисослигининг 2-йил таянч докторанти Салаходжаев Рауфхон Фарходхонович  и.ф.д., профессор Ў.П.Умурзаковнинг илмий раҳбарлигида бажарди.

Ёш олим Р.Ф.Салаходжаев ТИҚХММИ ҳузуридаги DSc.03/30.01.2020.I.10.03 рақамли илмий кенгашнинг 2021 йил 17 февралдаги мажлисида диссертация химоясисиз фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун «Қишлоқ хўжалигида табиий-иқлим ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланишда инсон ва ижтимоий капиталнинг роли» мавзусидаги тайёрлаган автореферати тақдимотини ўтказди. Илмий даражага талабгор ўзининг тақдимотида тадқиқот натижалари бўйича ижтимоий ва инсон капитали омилларининг табиий-иқлим ўзгаришига таъсирини баҳолаш асосида қишлоқ хўжалигида ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва экотизимлар барқарорлигини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиққан. Жумладан:

-илк бор ижтимоий капитал (“сабрлилик”, “индивидуализм”, “миллий ишонч”) ва ўрмон майдонлари ҳажмининг ўзгариши ўртасидаги барқарор ижобий ўзаро боғлиқлик назарий ва эмпирик жиҳатдан асослаб берилган;

-инсон капитали, ЯИМ, демократлашув, урбанизация, иқтисодиёт тузилмасининг ўзгариши ва глобаллашув таъсирини ҳисобга олган ҳолда ўрмон ресурсларининг ўзгариши омилларини изоҳловчи эконометрик модель таклиф этилган;

-инсон капитали, инсон саломатлиги ва экотизимнинг барқарорлигини белгилаб берувчи омиллар аниқланган;

-демографик юклама ва глобаллашув бўйича қишлоқ хўжалигида табиий ресурслардан фойдаланишни мақбуллаштиришнинг сценарий вариантлари ишлаб чиқилган.

Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти глобал иқлим ўзгаришлари шароитида қишлоқ хўжалигида табиий-иқлим ресурсларини самарали бошқаришнинг  иқтисодий-экологик жиҳатларининг асосланганлиги, инсон ва ижтимоий капиталнинг табиий-иқлим ресурсларига таъсир даражасини баҳолаш методикасини такомиллаштирилганлигидан, амалий аҳамияти когнитив қобилиятлар ва экологик қадриятларнинг ўзаро алоқадорлиги асосида ўрмон ресурсларини самарали бошқариш ҳамда экологик билимларни оширишга, табиий-иқлим ўзгаришлари оқибатларини камайтиришга қаратилган махсус концепциялар, мақсадли дастурлар ишлаб чиқишга хизмат қилади. Илмий ишлар натижалари бўйича Scopus ва Web of Science илғор илмий журналларида 8 та илмий мақола нашр этилган.

 

ТИҚХММИ матбуот маркази