Сайёр дарс машғулоти

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Олий таълим муассасаларида дарс машғулотларини мавзулар бўйича жойларда сайёр ўтказилишини таъминлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиалида бир қатор фанлардан дарс машғулотларининг самарали ташкил этилиши учун белгиланган жойларда ўтказилиши анъанага айланган.  Жумладан, "Умумтехник фанлари" кафедраси ассистенти Феруз Турсунов бошчилигида “Сув хўжалиги ва мелиорация” бакалавриат таълим йўналиши 2-курс 206-гуруҳ талабаларга танишув амалиётидан “Томчилатиб суғориш” мавзусидаги дарс машғулоти Қашқадарё вилояти "Аму-Қашқадарё" Ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ташкил этилди. Талабалар мавзуга доир назарий маълумотларини сайёр дарс орқали янада чуқур англашга муваффақ бўлдилар.

Бошқарма мутахассисларининг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг пасайиши, баъзи ҳолларда эса бой берилиши сув тақчиллиги муаммоси билан боғлиқ. Бу вазиятни юмшатиш учун суғориш тизимида тежамкор технологияларни жорий этиш, томчиси тиллога тенг оби-ҳаётни беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш талаб этилади. Ушбу технологиянинг афзаллик жиҳати шундаки, мазкур суғориш усулида тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сув миқдори бошқарилади, сув ҳар бир экиннинг маълум даврдаги эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текисда тақсимланади. Экспертларнинг эътироф этишича – томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини тежашда намоён бўлиши, унга суғориш режимининг ўзига хослиги, буғланишнинг пастлиги, оби-ҳаётнинг беҳуда оқиб кетмаслиги туфайли эришилиши, энг муҳими, томчилатиб суғоришда сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилганлиги учун дала тупроғи қотмайди, натижада қатор ораларига ишлов беришга эҳтиёж туғилмайди.

Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида сифатли ва осон ҳайдалади. Ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун техника ишлатишнинг зарурияти йўқолади. Натижада меҳнат ва ёнилғи-мойлаш материаллари тежалади. Далада сувчиларнинг қўл меҳнати кескин камаяди - дейди бошқарманинг томчилатиб суғориш технологияси бўйича мутахассиси. Сайёр дарс машғулотларининг аҳамияти шундаки, талаба тинглаган назарий билимларини кўргазмалилик ва кўрсатмалилик асосида янада мустаҳкамлайди ва бундай пухта билим уларнинг хотирасида бир умр муҳрланиб қолади.

“Умумтехник фанлари" кафедраси ассистенти Феруз Турсунов ахбороти

ТИҚХММИ матбуот хизмати