ТИҚХММИ нинг Илмий-ўқув марказида “Замонавий сув тежовчи технологиялар” полигонининг очилиши
1992 йилда Рио Де Жанейрода ўказилган БМТнинг «Атроф муҳит ва ривожланиш» конференциясида бутун жаҳонда сув ресурслари кунини нишонлаш таклифи билдирилган. БМТ Бош ассамблеяси 1993 йили 22 февралида (47/193 сонли) резолюцияни имзолади ва 22 март кунини “Бутунжаҳон сув куни” деб эълон қилди. Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсад, инсониятни сувдан самарали фойдаланиш ва уни асраш, сув ресурсларини келажак авлодга яхши ҳолатда етказиб беришдан иборатдир. Ўзбекистонда Бутунжаҳон сув кунини мана беш йилдирки ТИҚХММИ, Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” лойиҳаси билан ҳамкорликда ўтказилиб келинмоқда.
2021 йилда Бутунжаҳон сув куни «Сув қадри» шиори остида нишонланиши белгиланди. Шу муносабат билан 11-13 март кунлари асосий эътибор ёшларнинг эътиборини сув ресурсларини барқарор бошқаришга ва улардан оқилона фойдаланишга, сув танқислиги билан боғлиқ долзарб муаммоларга, сув иншоотларини асрашга қаратилган, сув ресурсларини бошқариш ва мамлакатимизни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича институтимиз талабалари ўртасида танлов ва мунозаралар ўтказилди. Тадбирларнинг биринчи куни - 11 мартда «Сув қадри» мавзусидаги фотосуратлар кўргазмаси ва «Сув муаммоларини ечишда рақамли технологиялар» мавзусида мунозаралар бўйича, иккинчи куни - 12 мартда «Сув қадри» мавзусидаги ғоялар ва видеороликлар тақдимоти, учинчи куни - 13 мартда «Сув хўжалигини ривожлантиришдаги инновациялар: ғоялар ва технологиялар» мавзусидаги техно-кўргазмалар бўйича ўтказилган танловларда талаба ва магистрантларимиз фаол иштирок этдилар.
Бутунжаҳон сув куни ғолибларини тақдирлаш 18 март куни Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани, Соф оқолтин МФЙ, ТИҚХММИ илмий-ўқув марказида Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаларининг амалиётларини ўташи ва ёш олимларининг илмий тадқиқот ишларини олиб боришига шароит яратиш мақсадида 4,7 гектар майдонда қурилиши 2019 йилда бошланган ўқув-илмий полигоннинг очилиш маросими билан биргаликда ўтказилди. Мазкур ўқув-илмий полигоннинг 1 гектар майдонида томчилатиб суғориш, 1,5 гектар майдонида ёмғирлатиб суғориш, 0,5 гектар майдонида тупроқ остидан суғориш тизимлари ва уларни сув билан таъминлаш учун насос ва ўғитлаш системаси, ер ости сувлари сатҳини ва таркибини мониторинг қилиш учун лизиметр комплекси қурилди. Мана шу тизимлардан фойдаланиш амалиётларини ўтказишда тадқиқотчилар ва талабаларга шароит яратиш мақсадида 1 қаватли 3 хонадан иборат бино, навес қурилиб, стол-стуллар, компьютер жиҳозлари, кондиционерлар билан таъминланди. Шунингдек, дала шароитидаги ўлчовлар учун 50 дан ортиқ тензиометрлар ва 1 та миниметеостанция институтга тақдим этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирликлари раҳбарияти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор – ўқитувчилари ва талабалари, танлов ғолиблари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастури, Тошкент вилояти ҳам Ўрта-Чирчиқ туман ҳокимияти, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида танловларда фаол иштирок этган жами 18 нафар талабалар
1 – ўрин - институт ректорининг “Фахрий ёрлиғи”, 1 300 000 сўмлик пул мукофоти ва Германия халқаро хамкорлик ташкилоти – GIZ нинг 1 Терра байтли “Қаттиқ (Hard) диски,
2 – ўрин - институт ректорининг “Фахрий ёрлиғи”, 1 000 000 сўмлик пул мукофоти ва БМТ Тараққиёт дастурининг махсус “Флешка”си,
3 – ўрин соҳиблари эса, институт ректорининг “Фахрий ёрлиғи”, 700 000 сўмлик пул мукофоти ва БМТ Тараққиёт дастурининг махсус “Флешка”си билан тақдирландилар.