Таълим тизимига тегишли муҳим тадбир
Ҳар бир мамлакатнинг келажаги юрт истиқболи бўлган ёшларга ва уларга берилаётган таълим-тарбиянинг сифати ва самарасига боғлиқлиги бугунги кунда ойнадек равшан. 16 июль куни Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети биносида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Абдуҳакимов Азиз Абдуқаҳҳорович раислигида таълимдаги ислоҳотлар, ижро, муаммо ва ечимлар борасида ҳисобот мазмунидаги тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Неъматович Ташкенбаев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Конгратбой Авазембетович Шарипов, Тошкент давлат Аграр ва Техника университетлари жамоаси фаоллари ҳамда институтимизнинг профессор ўқитувчилари иштирок этишди.
Тадбир олдидан “Ўзбекистон 24” телеканалининг сайёр камераси томонидан суратга олинган, учта таълим муассасига дахлдор бўлган видеолавҳа намойиш этилди. Видеолавҳада таълим муассасаларида яратилган шароитлар, ютуқ ва айрим нуқсонлар рўйи рост ўз ифодасини топганди. Сўнгра таълим муассасаларининг ректорлари бу йилги таълим жараёнининг якуни ва келгуси йил учун талабаларнинг таълим олишлари учун яратилаётган имконият ва таъмирлаш ишлари борасида сўз юритишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 май куни Ўзбекистон Миллий университетига ташрифи ва шу асосда қабул қилган қарорлари ҳамда унда кўтарилган масалалар, хусусан олий таълим муассасалари олдига қўйилган вазифаларнинг ижроси борасида фикр алмашилди.
Институтимиз ректори томонидан қилинган маърузада таълим жараёнида инновацион ва инвестицион фаолиятнинг самараси, ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари билан олиб борилаётган халқаро ҳамкорлик ва имзоланган меморандумлар натижалари, катта сумма миқдоридаги инвестиция киритилиши борасида қилинаётган ҳаракатлар, институтимизда олиб борилаётган кенг суръатдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари аниқ ва муфассал равишда ифода этилди. Бош вазир ўринбосари институтимизга оид видеолавҳа ва ректор маърузасидан беихтиёр руҳланиб ҳаракат ва вазифалар самараси шундай бўлиши кераклигини алоҳида уқтириб миннатдорчилик билдирди. Сўнгра таклиф ва истакларни айтган профессор ўқитувчиларга ўз мулоҳазаларини билдириб уларнинг таклифларига мувофиқ, ҳал этишнинг имкониятлари борасида тегишли мутасадди шахсларга вазифалар юклади. Таклифлар оқимида камина ҳам таълимнинг сифат ва самарасини белгиловчи омил педагогнинг коммуникатив компетенцияси билан дахлдор эканини, бу бўйича махсус 36 соатлик назарий-амалий механизм борлигини эътироф этди. Мисол тариқасида айтиш жоизки, Россия императори Пётр 1 ўз вақтида таълимга оид шундай фармон қабул қилган экан. “Жисмонан носоғлом ва нутқий нуқсони бор бўлган киши гарчи яхши мутахассис бўлса ҳам синфга киритилмасин. Чунки, ўқувчилар тақлидчи ва танқидчи бўлишади, бу эса дарс самарасига салбий таъсир кўрсатади”.
Қайси фандан дарс бермасин, қай даражада унвон ва етук билимга эга бўлмасин, ахборот компьютер технологияларини ўзлаштирган бўлмасин, педагог учун энг аввало, нутқ маҳорати, мулоқот маданияти ва нотиқлик санъатини эгаллаш зарур. Бусиз таълимнинг ижобий натижаси, сифати ва самараси ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Коммуникатив компетенция тил тактикасини талаб этар экан, унинг икки асоси бор - бири лингвистик, иккинчиси нутқий компетенция. Маънавиятнинг муҳим белгиси саводхонлик бўлиб, унинг икки қаноти эса оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини тўла-тўкис эгаллашдир. Шунинг учун ҳам тил тактикаси тараққиёт стратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизми, ундан фойдалана олиш маҳорати ҳар бир педагогнинг бирламчи вазифаси бўлиши керак. Ўз устида ишлаш сўз устида ишлашдан бошланишини унутмаслик керак. Бош вазир ўринбосари таклиф ва фикримизни тасдиқлай туриб, “айрим талабалардан сўраганимизда, оралиқ ва жорий назорат учунгина дарсга киришга мажбурмиз, ўқитувчиларнинг кўпчилиги бизни дарс бериш усули билан қизиқтирмайди, нутқий малакаси йўқ” - дейишганининг кўп бор гувоҳи бўлганман дея таъкидладилар. Ўз фанига, мавзуига қизиқтира олмаган ўқитувчининг талабани изидан эргаштира олиши, асло, мумкин эмас.
Камина “Педагогнинг коммуникатив компетенцияси” бўйича 36 соатлик назарий-амалий механизм борлигини айтиб, “ўртача ўқитувчи баён қилади, яхши ўқитувчи тушунтиради, машҳур ўқитувчи намойиш қилади, буюк ўқитувчи илҳомлантиради”, - деган Уилям Уорднинг фикрини келтирганим заҳоти Азиз Абдуҳакимов энг яхши нотиқ педагогларни саралаш, ўқитиш, рағбатлантириш учун 1 миллиард сўм ажратилиши кераклигини, шу билан боғлиқ ҳолда, грант ютиб олиш заруратини вазифа сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Улуғбек Ташкенбаевга зиммасига юклаб юбордилар.
Тадбир ниҳоясида Президентимизнинг 5 ташаббуси борасида қилинган ишларни янада такомиллаштириш, талабалар ётоқхоналарини сифатли тарзда таъмирлаш, уларни дам олиш ва турли маънавий тадбирлар, тўгаракларга қизиқтириш учун шароитлар яратиш, талабалар ўзлари таҳсил олаётган таълим маскани билан ғурурланиши зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Ректорлар талабаларнинг ётоқхоналарига бориб кўриши, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини эшитиши, улар учун шароитлар яратиб беришлари зарур. Медиа режалар қилиш, сайтларда тажрибали устозлар билан суҳбат-интервьюлар уюштириш кераклигини ҳам алоҳида эътироф этдилар. Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Неъматович Ташкенбаев зиммасига юкладилар. Икки ярим соат давом этган тадбир давомида профессор-ўқитувчилар ўз касб тақозоси нуқтаи назаридан етарли йўл-йўриқ ва кўрсатмаларга эга бўлишди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов