Ҳамкорлик самараси

Бугунги кунда таълим босқичларининг турли поғоналари билим эгаллаш ва уни амалиётга қўллаш даражалари билан боғлиқ. Докторантура таълими илмий маълумот, назарий қонуният ва амалий фаолиятнинг юқори даражаси сифатида аҳамиятга моликдир. Европа Иттифоқи кўмагида молиялаштирилаётган “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” лойиҳаси доирасида очилган Геоинформатика ихтисослиги ана шундай моҳиятга эга. Лойиҳанинг асосий мақсади – геоахборот тизим ва технологиялари орқали Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборатдир.

Жорий йилнинг 28 июнидан 5 июлигача бўлган муддатда Австриянинг Зальцбург университетида ҳамкор ОТМлар координаторлари ва бошқарув ходимлари, шунингдек, илмий маслаҳатчилар учун навбатдаги семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда лойиҳанинг Ўзбекистондаги етакчиси ҳисобланган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) бошчилигида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Қорақалпоқ давлат университети, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ҳамда Тошкент архитектура ва қурилиш институтидан жами 17 нафар ходимлар, шунингдек, лойиҳанинг Европа Иттифоқидаги ҳамкор ОТМлари вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад лойиҳада бажарилаётган ишларни мониторинг қилиш, иш пакетларидаги тақсимланган ишлар ҳамда вазифалар бўйича ҳисобот бериш, шунингдек, келгуси даврда қилинадиган ишлар бўйича манзилли режалар яратиш, таълим сифати масалалари (таълим сифатини текшириш, баҳолаш ва таъминлаш) ҳамда таълим тизимини халқаролаштириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Ташриф давомида 2019  йил 29 июнь куни Зальцбург шаҳрида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Ишлар бошқармаси бошлиғи, профессор Бахтиёр Уришевич ва Австриянинг Зальцбург университети Геоинформатика (Z_GIS) кафедраси мудири, профессор Жозеф Штробл ўртасида ўзаро халқаро илмий академик англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, Лейбниц ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти (IAMO) билан ҳам мазкур лойиҳа доирасидаги ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди. Семинар-тренинг сўнггида қатнашчилар томонидан лойиҳа ва янги докторантура дастурини амалга оширишда бошқарувни яхшилаш бўйича қатор тавсиялар берилди.

 

ЭкоГАМ маркази таянч докторанти Маманбек Реймов ахбороти

Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов