Ўтмиш ва келажак туташган маскан

2019 йил 16-ноябрь куни “Гидромелиорация” факультети СХМ-408 гуруҳ талабалари мураббий “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедраси доценти в.б Қудратжон Рахимов билан Ўзбекистон тарихи давлат музейига экскурсия уюштирдилар. Ўтмиш ва келажак туташган ушбу масканда юртимизнинг илк тош ва бронза давларидаги тарихидан то ҳозирги кунимизга қадар ҳаёти акс этгандир. Талабаларга ўрта асрларга тааллуқли маълумотлар ва буюк ипак йўлининг юртимиз ҳудудидан ўтганлиги, савдо-сотиқ ва давлатлар ўртасидаги бошқа алоқалар қандай бўлганлиги ҳақидаги экспонатлар жуда манзур бўлди. Талабалар учун айниқса, XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг бошларидаги воқеаларни эслатувчи экспонатлар жуда қизиқарли бўлди. Юртимизнинг маърифатпарвар фарзандлари, уларнинг қатағон қилиниши ва бу воқеалар ўтган асрнинг деярли охирига қадар давом этганлиги талабаларни мушоҳадага, фикр юритишга чорлади. Халқимизнинг асрий орзуси мустақилликка эришиши тарихи, музейни томоша қилаётган ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмади. Юртимизнинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мустақилликни эълон қилаётганлиги ҳақидаги расмлар талабаларда катта таассуротлар қолдирди.

Республикамизни келажакка ишонч билан шахдам қадамлар билан олға интилиб бораётганлиги ҳозирги кунимизда содир бўлаётган воқеаларни акс эттирган макет ва экспонатлардан билиниб турибди. Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган буюк ишлар натижасида кейинги йилларда эришилган улкан ғалабалар ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ушбу ташриф талабаларнинг қалбларида ватанга, она халқимизга бўлган муҳаббатини янада мавж уришида анчайин ҳисса қўшди.

 

“Гидравлика ва гидроинформатика” кафедраси доценти Қ. Рахимов ахбороти

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов