Илғор хорижий компаниялар билан ҳамкорлик

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига Россия Федерациясининг “Ростсельмаш” компаниялар гуруҳининг “Ростсельмаш” заводи Бош директори Мальцев Валерий Викторович ва Осиё бўйича маҳсулотлар реализацияси департаменти директори Колесников Андрей Борисович ҳамда “Узагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқарув раисининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Хайруллаев Тулқун Асатовичлар ташриф буюришди. Ташриф доирасида В.В.Мальцев ва А.Б.Колесниковлар институт ҳамда унинг Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультети ўқув жараёни, факультетдаги кафедралар фаолияти ва уларнинг ўқув базаси билан танишишди. Шундан сўнг ҳурматли меҳмонларнинг институт ректори Ў. Умурзаков билан учрашуви бўлиб ўтди ва улар ўзаро ҳамкорлик қирраларини муҳокама этишди. Учрашув сўнгида “Ростсельмаш” компаниялар гуруҳи ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди. Келишув доирасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчиларининг “Ростсельмаш” Академиясида стажировка ўташлари, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультетида замонавий ўқув хонаси ташкил этиш, “Қишлоқ хўжалиги машиналари” ва “Тракторлар ва автомобиллар” кафедралари ўқув базасига ғалла ўриш комбайни, трактор ва бошқа янги қишлоқ хўжалик техникалари ва уларнинг макетларини беришга келишиб олинди. Тадбир ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (Ўзбекистон Республикаси), “Ростсельмаш” компаниялар гуруҳи (Россия Федерацияси)нинг мақсадлари муштарак.

Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов