Уч авлод учрашуви
Авлодлар орасидаги олтин занжир - ватан равнақи ва халқ манфаати йўлидаги бирлик, эзгу мақсадлар сари ҳамкорлик ва жипсликдаги ҳаракат, муборак дийдордир. Катта авлод айтиш мумкинки, тажриба, сабоқ, ибрат, ўрнак ва намуна мактабидир. Ўрта ва кичик авлод билан учрашувларда, одатда самимият ва маслаҳатлар устуворлик қилади. Шу аснода хулосалар қилинади, бой тажрибалар орттирилади. Институтимизда ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” деб номланган маърифий тадбир ҳам ана шундай руҳда ўтди. Унда меҳмон сифатида Мирзо Улуғбек тумани Мудофаа бўлими бошлиғи ўринбосари Тўхтаев Аскар Эсанович, Мудофаа Вазирлиги фахрийлар кенгаши аъзоси, Мирзо Улуғбек тумани фахрийлар кенгаши раиси Деҳқонбоев Абубакр Деҳқонбоевич, истеъфодаги полковник Ачилов Шавкат Жумановичлар иштирок этишди.
Тадбирни модератор сифатида институт ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Зуҳриддин Ҳайдаров олиб борди. Иштирокчилар ўзларининг ҳаётий тажрибаси ва касбий фаолиятида орттирган тажрибалари борасидаги қимматли мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Айни пайтда талабаларнинг саволларига муфассал жавоб беришди. Тадбир якунида З. Ҳайдаров иштирокчи меҳмонларга миннатдорчилик йўсинида институт раҳбарияти номидан эсдалик совғаларини топширди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати