Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Адиблар хиёбонига ташриф
ГТҚ факультети 2 босқич 5 гурух талабари ва гуруҳ мураббийи Назарий ва қурилиш механикаси кафедраси катта ўқитувчиси Э.Тошматов билан Абдулла Ориповнинг таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Адиблар хиёбонига ташриф буюришди. Талабалар ташриф давомида Абдулла Ориповнинг хаёти ва ижоди билан яқиндан танишишди. Абдулла Орипов 1941 йил Қашқадарё вилояти Касонсой тумани Некуз қишлоғида туғилган. Унинг отаси Орифбой Убайдулла ўғли маҳаллий колхоз вакили бўлган. Оилада саккиз нафар фарзанд — тўрт ўғил, тўрт қиз бўлишган, Абдулла Орипов ўғиллардан энг кенжаси бўлган. 1958 йил ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Абдулла Орипов таҳсилни Ўзбекистон Давлат университети ўзбек филологияси факультетининг журналистика бўлимида давом эттирган.
“Қуш” номли ўзининг илк шеърини Абдулла Орипов университетда ўқиган кезлари ёзган. Абдулла Ориповнинг “Баҳор”, “Биринчи муҳаббатим”, “Куз”, “Саратон”, “Ўзбекистон”, “Муножотни тинглаб”, “Отелло”, “Сароб”, “Денгизга”, “Маломат тошлари”, “Олтин балиқча”, “Юзма-юз”, “Генетика” ва бошқа шеърлари — ХХ асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиётининг ёрқин намунасидир. Абдулла Орипов қаламига “Жаннатга йўл” (1978), “Табиб ва ўлим” (1980), “Ранжком”, “Соҳибқирон” (1996) достонлари мансуб. 2000-2001 йиллар тўрт томлик сайланмаси бўлмиш Абдулла Ориповнинг “Сара асарлари” нашрдан чиққан. Абдулла Орипов 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси муаллифи.
Абдулла Орипов шеърларини она Ватанига бағишлайди. “Сен баҳорни соғинмадингми” шеърида у севги ва нафосат ила она диёрининг гўзаллигини ифодалайди:
СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ?
Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим —
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
— Сен баҳорни соғинмадингми?
Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
— Сен баҳорни соғинмадингми?
Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
— Сен баҳорни соғинмадингми?
Мана, бугун наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам...
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
— Сен баҳорни соғинмадингми?
Абдулла Орипов – ўзбек шоири ва жамоат арбоби. Абдулла Орипов ижоди замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаларидан бирини номоён этади. Унинг шеърларида инсоннинг чуқур руҳий дунёси ва халқ тарихи таҳлил этилади. 1998 йил Абдулла Орипов “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига мушарраф бўлган.
ТИҚХММИ матбуот хизмати