Институт ва мактаб ҳамкорлиги тараққиёт такомили

Бугунги кунда мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига жалб қилиш энг долзарб масала бўлиб, давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас, албатта. Ёшларимизнинг олий таълим олишлари ёки битирувчиларни малакали касб эгалари бўлиб етишишлари уларга берилаётган таълим сифати, яратилаётган шарт-шароитларга боғлиқдир. Хусусан, битирувчиларга олий таълим муассасалари ҳақида кўпроқ маълумотлар бериб бориш уларнинг қизиқиш ва иштиёқларини янада ошириши табиий. 17-апрел тонгида Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган 56-мактаб томон йўлга чиққан “Гидромелиорация” факультети “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари мактаб битирувчиларини Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўқишга жалб этиш, уларга институт ҳақида, илмий-ижодий муҳит, яратилган шарт-шароитлар хусусида атрофлича маълумотлар беришни мақсад қилишган эди.

Дастлаб, “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор Шеров Анвар Ғуломович битирувчиларга институт ҳақида, факультет ва кафедра тарихи, бугунги кунда эришилаётган ютуқлар, институтнинг Республика ва Халқаро миқёсдаги обрўси ҳақида сўз юритди. Ташриф буюрган кафедранинг профессор-ўқитувчилари Б.Аманов, С.Ғуломов, С.Дўстназарова, М.Мухаммадиевалар ва кафедранинг иқтидорли талабалари “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” таълим йўналиши 307-гуруҳ талабалари А.Ҳасанов, О.Абдувалиев, Ж.Мухторов, М.Маҳамадаминовларни ўқувчиларга таништириб, навбатни иқтидорли талабаларга берди.

Талабалардан Азизбек Ҳасанов институт ҳақида, 3-босқичга қадар гуруҳнинг ва ўзининг эришган шахсий ютуқлари, институт томонидан илмий ва ижодий ишлар билан шуғулланиши учун талабаларга яратилган имкониятлар ҳақида сўзлаб, тақдимот қилди. Отабек Абдувалиев эса институтда яратилган ижодий муҳит, қувноқлар ва зукколар “Тарғибот” жамоаси ҳамда бу жамоа аъзоси бўлиш учун босиб ўтган йўли билан ўртоқлашди. Иқтидорли талабалардан Жаҳонгир Мухторов ва Маъруф Маҳамадаминовлар “Томорқадан самарали фойдаланиш” мавзусида ўзлари ишлаб чиққан инновацион ишланма билан ўқувчиларни таништириб ўтдилар.

Кафедранинг профессор-ўқитувчилари айтиб ўтилган маълумотларга қўшимчалар қилиб, битирувчиларни институтга тайёрлаш учун қўшимча машғулотлар ташкил этиш борасида фикрлар билдириб, мактаб кутубхонасини бойитиш мақсадида олиб борилган китоблар жамланмасини мактаб директорига топширишди. Учрашув якуни савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

 

“Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси ассистенти С.Дўстназарова ахбороти

ТИҚХММИ матбуот хизмати