Самарқанд сари сайр-у саёҳат
Ёшларимиз онг-у шуурини аждодларимиздан қолган моддий ва маданий мерос билан таништириш хайрли ва маърифий мақсад. Худди шу ниятда жорий йилнинг 18-апрель куни ТИҚХММИ Қарши филиалининг “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (сув хўжалигида)” таълим йўналишининг 1 - босқич ташаббускор талаба-ёшлари кўҳна Самарқанд шаҳрига ташриф буюришди.
Улуғлар ўтган қадамжоларни зиёрат қилиш инсон тафаккур-у дунёқарашини маърифат ёғдуси билан тўйинтириш демакдир. Устоз ва шогирдларнинг муқаддас қадамжоларга ташрифи руҳий хотиржамлик ҳамда шукроналик туйғусини ҳис этишга имкон туғдириши тайин. Самарқанд шаҳрида жойлашган бир нечта зиёратгоҳларда бўлишди. Даставвал, саёҳатнинг бошланиши Имом ал-Бухорий зиёратгоҳидан бошланди. Талабалар зиёратгоҳда жойлашган музей ва Имом ал-Бухорий қабри ёнида унинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишишди.
Ташриф давомида ёшларимиз Имом ал-Бухорий мақбараси, Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним мақбараси, Шоҳизинда мақбарасига ва биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбараларини зиёрат қилишди. Ундан ташқари талабалар ҳозирги кунда Самарқанд шаҳридаги ўзгаришлар билан танишишди. Ёшларимиз кўҳна шаҳарнинг бой тарихини ўрганиб бой тажрибалар тўплаб қайтишди.
"Умумтехник фанлари" кафедраси ассистенти А. Турсунов, Д. Очилов, О. Юнусовлар ахбороти
ТИҚХММИ Матбуот хизмати