Бош мураббийларнинг йиллик ҳисоботлари қандай ўтмоқда?

Таҳлил холислик билан асосли равишда танқидий назарга қурилса, таклиф, тавсия ва топшириқлар ҳам ҳар томонлама аҳамиятли бўлади. Ҳисоботлардан кўзланган мақсад ҳам ана шудир. Тўғри, бир йил мобайнида қилинган ишларда қандайдир камчиликлар бўлиши мумкин, баъзилари эса аъло даражада бажарилган бўлиши мумкин. Бунинг сабабларини излаш, айтиш, нуқсонларни бартараф этиш, кескин равишда чора-тадбирлар кўриш таълимдаги тизимлилик ва тарбиядаги тартибга хизмат қилади. Шундай экан, ана шу жараёнда масъулликни қўлга олиш зарур. ТИҚХММИ ректори проф. Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг 2020 йил 15 июндаги 26-сонли фармойишига биноан институтда мураббийлар кенгаши фаолияти натижаларини ўрганиш ва ҳисоботларини эшитиш юзасидан жадвалга мувофиқ факультетлар мураббийларининг ҳисоботлари эшитилиб муҳокама қилинмоқда.

Бугун, яъни 18 июнь куни соат 13.00да даставвал, “Гидромелиоратив ишларни механизациялаш” факультетининг мураббийи Баҳодир Ҳакимовнинг, сўнгра эса соат 15.00да эса “Гидромелиорация” факультетининг мураббийи Дилшод Назаралиевнинг ҳисоботлари тингланди. Ҳисоботлар йиғилишида факультет деканлари бошчилигида барча мураббийлар ҳамда факультетда таълим-тарбияга масъул мутасаддилар иштирок этишди. Ҳисобот йиғилиши ZOOM платформаси орқали масофадан туриб амалга оширилди.

Ҳар иккала ҳисоботда ҳам комиссия раиси сифатида институт ёшлар бўйича проректори Рузимурат Чориев иштирок этиб ҳисоботдан кўзланган мақсад ва унинг тартиби ҳамда таркиби борасида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди. Сўнграёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Зуҳриддин Ҳайдаров модератор сифатида 2019-2020 йилларда институтда маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий ишларни таҳлил қилиш ҳамда мураббийлар кенгаши фаолияти натижаларини сарҳисоб қилиш бўйича ўтказилаётган тадбирни бошқариб борди. Даставвал, Б.Ҳакимов ўз ҳисоботида 2019-2020 ўқув йили мобайнида ГИМ факультети мисолида қилинган ишлар юзасидан слайдлар асосида тақдимот дастури билан чиқиш қилди. Талабалар, ота -оналар ва педагоглар орасидаги боғлиқлик, уларнинг ўзаро бурчдорлиги ва дахлдорлиги қай йўсинда бўлгани, институт ҳаётидаги тадбирларда факультет ёшларининг иштироки, санъат ва спорт соҳасида эришилган ютуқлар борасида сўз юритди.

Кейин эса ҳисобот юзасидан савол ва жавобларга ўтилди. Қизғин баҳс ва мунозаралар тарзида кечган муҳокама жараёнида бир йил мобайнида йўл қўйилган айрим камчиликлар рўйи рост айтилди. Комиссия раиси ва институт Бош мураббийи Зуҳра Исмоилова ҳамда институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзовларнинг кескин саволларига жавоб беришга бироз қийналгани сезилди. Лекин тан олиш керакки, факультет миқёсида анча ибратли ишлар қилинган, мақсад бундан-да яхши бўлсин, муҳими, янада яхши бўлишига имкон бўладиган кафолатли куч борлигини эътироф этишдир. Чунки бу факультетда нафақат институт миқёсида, балки республика даражасидаги мавқе ва нуфузга эга бўлган профессорлар Қиёмиддин Назаров ва Шоҳиста Ўлжаевалар борлигини, уларнинг илмий-ижодий имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини Комиссия раиси қайта-қайта уқтирди. Сўнгра факультет декани Бегмат Норовга сўз берилди. У ютуқлар билан бирга баъзи бир нуқсонлар бўлиши ҳам табиийлигини эътироф этиб келгуси йилда янги куч ва ғайрат билан иш тутиб, айтилган камчиликларни бутунлай бартараф этишларини таъкидлади.

Соат 15.00да кун тартибидаги муҳокама этилаётган масала якунланган ўқув йилида “Гидромелиорация” факультетида ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий ва ахлоқий-тарбиявий ишларнинг амалга оширилганлиги ҳолати ҳамда мазкур йўналишда қилинган ишлар сарҳисоби бўлди.Ҳисоботда факультет бош мураббийи Дилшод Назаралиев томонидан ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар, гуруҳ мураббийларининг йил давомидаги фаолияти, пандемия шароитида мураббийларининг талабалар билан масофадан туриб ишлашида эришилган ютуқлари ва йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида атрофлича фикр билдирди.

Бу ҳисобот олдингисидан ҳам шиддатлироқ тарзда кечди. Баҳсва мунозаралар бошланди. Даставвал, комиссия раиси Р.Чориев тадбирларнинг ўтказилиши, турли мусобақаларда факультет ёшларининг иштирокидан кўнгил тўлавермаслиги билан боғлиқ ҳолда бир нечта саволлар берди. Онқадар жавоблар берилгач, институт бош мураббийи профессор Зуҳра Карабаевнанинг ҳам кескин тарздаги саволлари факультет мураббийини бир мунча довдиратиб қўйгани ҳам рост. Сўнгра айрим эътироз ва эътирофларга факультет декани Алишер Фатҳуллаев тўла-тўкис жавоб беришга интилди. Камчиликлар ҳам ютуқларимиз ҳам ўзимизники, биз ҳаммасидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, иш тутсак жаҳон рейтингида олдинги сафда бўламиз ва байроқни қўлдан бермаймиз дея ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Ҳисоботлар эшитилгандан сўнг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чориевга хулоса ўрнида якуний сўз берилди. Комиссия раиси жумладан, шуларни қайд этди: биз қанчадан қанча катта тадбирларни режалаштиргандик, афсуски, пандемия панд бергани сабаб уларни ташкил эта олмадик. Лекин янги ўқув йилида янада янгидан-янги режаларимиз, тадбирларимиз бор. Биз уларни биргаликда амалга оширамиз. Ҳисобот жараёнида сал қаттиқроқ гапирган бўлишимиз мумкин. Бу ҳаммаси институтимиз мавқеини, жаҳон миқёсидаги нуфузини сақлаб қолиш ва янада улкан ютуқ ва режаларга эга бўлишимиз учун кучларимизни бирлаштириб ғалабалар сари сафарбар қилишдир. Очиғини айтиш керак, ишлаяпмиз, ишламаяпмиз эмас, лекин бор имконият ва қобилиятимизни ишга солаяпмизми, афсуски йўқ. Хафа бўлиш керак эмас, баъзи мураббийлар, ҳатто педагоглар нималарнидир баҳона қилиб, эшикларни бекитиб скопус учун мақола ёзаяпмиз дейишлари кулгили эмасмикан. Излаган ҳам, изланган ҳам имкон топади. Шундай мураббийлар, тарбиячи - педагоглар бор, баҳона топишга устаси фаранг. Ҳатто, мураббийларнинг ўзини тарбиялаш керак. Адашмасам,  142та штат бирлиги қисқараяпти. Ўз ишига масъулият билан ёндашадиган, таълим ва тарбия жараёнига бирдек қарайдиган, фаол ўқитувчилар қолади энди институтда. Масалага жиддий ёндашинг. Мажбурият бурчи билан масъулият ҳисси амалига кўчган жамоани ҳар доим ютуқ ва зафарлар қаршилайверади. “Гидромелиорация” факультети институтимизда етакчи факультет бўлиши керак. У барчага ўрнак ва ибрат бўлиши зарур. У локоматив факультет бўлиши шарт. Баъзан шу саволни бера туриб ўзим ҳижолат тортаман. Тўғри, ҳисоботдаги кўпгина ишлар эътирофга сазовор, лекин эътирозга моликлар ҳам йўқ эмаслигини бугунги иштирокчиларнинг ўзлари ҳам тан олишаяпти, назаримда. Кўплар ЧАТ орқали ёзишмалар қилишаяпти бизнинг мулоҳазаларимизга, баҳоимизга зид равишда ёзишмалар қилаётганлари ҳам бор. Майли, улар билан ҳам маслаҳатлашиб мақсадларимиз муштараклигини тушунтирармиз, балки улардан жўяли фикр, тавсия ва таклифлар ҳам чиқар. Биз қабул қиламиз. Бировни ёмон отлиқ қилиш ниятимиз йўқ, ҳаммангизни ҳурмат қиламиз, ўзимизга, фаолиятимизга жиддийроқ, танқидий назар ташлаб, ўз-ўзимизни тафтиш қилиш вақти етганини эслатмоқчимиз, холос. Президентимиз таълимга эътибор қилиб, педагогнинг ижтимоий нуфузини юксалтириб, маошларини ошириб, илм, маърифатни юқори тутиб турган бир пайтда биз эътиборсиз ва лоқайд бўлсак, билмадим, бу бизга ярашармикан? Ректоримиз яхши ишлаган, педагогни, тарбиячи, мураббийнинг номини менга беринг, мукофот берайлик, рағбатлантирайлик дейдилар доим. Кимни ибрат ва ўрнак қилиб кўрсатамиз? Бир ўйлаб кўринглар. Назаримда, ҳамиятингизга тегадиган гап қилмадим, соғ бўлинглар.”

Институт бош мураббийи З.Исмоилова, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи З.Ҳайдаров, институт Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси А.Бердимуродов ва бошқалар ҳисоботлар юзасидан ўзларининг қимматли таклиф ва тавсияларини билдирдилар.Ҳар иккала ҳисобот якунида гуруҳ мураббийларининг фикр ва мулоҳазалари ҳам эшитилди, қайд этилди. 

ТИҚХММИ матбуот хизмати