Сардоба сув омборига ташриф
Сардоба сув омборида юзага келган техник фалокат барча соҳа мутахассислари учун чуқур фикр-мулоҳаза юритишларига туртки бўлди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам тайёрланаётган кадрлар сифатига яна бир эътибор қаратиб, инновацион технологияларни кенг қўллаган ҳолда таълим жараёнини амалга ошириш зарурлиги давр талаби эканлигини яққол намоён этмоқда. Жорий йилнинг 17 июнь куни «Гидравлика ва гидроинформатика» кафедраси профессор-ўқитувчилари Сардоба сув омборидан фойдаланиш бошқармасига ташриф буюрдилар. Ташрифда сув омборидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи муовини Н.Умматов ва масъул ходимлар билан суҳбатлашиш асносида Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 6 та туман суғориладиган экин майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида қурилган ушбу сув омборининг лойиҳавий параметрлари, тўғонида ўпирилиши сабаблари ҳамда юзага келган сув тошқини тафсилотлари билан танишдилар. Суҳбат якунида кафедра проф-ўқитувчилари масъул ходимларга сув омборида юзага келадиган гидравлик жараёнлар, сув омборидан фойдаланиш тартиблари ҳамда ундан фойдаланиш муддатини узайтириш борасидаги ўз фикр - мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.
ТИҚХММИ матбуот хизмати