"Бутунжаҳон тозалик куни"га бағишланди
Табиатнинг мусаффолиги учун кураш ўзининг узоқ тарихи ва бой анъаналарига эга. Бу ташаббусли ҳаракат кўмак, саховат ва ҳашарнинг бир кўриниши сифатида аҳамият касб этиб келган. “Ҳашар – элга ярашар” деган халқ нақли ҳам ана шу беминнат, беғараз ихтиёрий ташаббуснинг меваси. Элимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, турли байрам ва саналар олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилиши қадимдан расм бўлган.
Бугун “Бутунжаҳон тозалик куни” ҳақидаги хабарни эшитгани ҳамоноқ Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигининг механизациялаш муҳандислари институтининг ишчи хизматчилари, профессор ўқитувчилари ва айрим талабаларидан тортиб раҳбариятгача барча эрталаб соат тўққизда тайёр бўлишди. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди. Чор атрофга тартибга келтирилди, дарахтлар оқланди ва қуриган шохлари кесилди ҳамда ҳовлидаги мавжуд ёнғин хавфсизлиги бурчаклари қайта жиҳозланиб, бўялди.
Тошкент вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг ташаббуси билан Бўстонлиқ туманида "Бутунжаҳон тозалик куни"га бағишлаб ўтказилаётган акцияда, ҳашарда фаол қатнашиш учун махсус автобусда институтимиз ходимлари, кўнгилли талаба ёшлар қатнашиш мақсадида жўнаб кетишди. Ўзаро ёрдам ва озодалик халқимиз табиати ва тийнатига хос.
Институтимиз таркибидаги барча кафедра аъзолари ва кафедраларга тегишли бўлган ҳудудларда ҳам тозалик ишлари юқори кайфиятда, уюшқоқлик билан олиб борилди. Унда ўқув хоналари, талабалар турар жойи, ошхона, жисмоний маданият ва спорт мажмуаси, кафедранинг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди. Кафедраларнинг аёл-қизлари томонидан барча дераза ойналари артилиб, саранжом саришта ҳолатга келтирилди.
Бутунжаҳон тозалик куни ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик айёми сифатида ҳам қадрли. Бу жамоавий аҳиллик, якдиллик ҳамда ҳамжиҳатликни айни пайтда дўстликнинг мустаҳкамланишига замин ҳозирлайди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати