Сўзлик - ўзлик кўзгуси
Давлат тили миллатнинг қадри ва дарди ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у халқнинг бойлиги ва борлиғидир. Ўзбекнинг ўзлиги унинг сўзлигидир. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги қонунининг қабул қилинганига 29 йил тўлиши муносабати билан институтимизда маънавий тадбир ташкил этилди.
"Ибратли, ижодкор инсонлар" рукнида ўтказилаётган тадбиримиз бевосита ана шу мавзуга бағишланди. Унда йирик тилшунос олим, филология фанлари номзоди, доцент Омонулла Мадаев иштирок этдилар. Устоз ўзбек тилида қўлланадиган сўзларнинг асл маъноларини билмаслигимиз бизнинг фожиамиз дея таъкидладилар. Инсоннинг ўз фикрини ифода этишга мезон бўлган она тилимизга ҳурмат масаласини алоҳида эътироф этдилар. Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобини ўқиш ўрганиш ниҳоятда зарур эканини айтиб қуйидаги фикрларни билдирдилар.
Америкалик олима Ильза Сиртаутасга бағишланган Эркин Воҳидов шеърини бир ўқиб кўрайлик.
Термуламан Ильза хонимга,
Кўзларимга ишонмай ҳайрон.
Амриқолик хушрўй олима
Сўзлар эди ўзбекча равон…
Келинг, сизни она юрт учун,
Фидолар бир тинглаб қувонсин.
Бу қувончдан лекин бир умр
Жудолар ҳам қувонсин, ёнсин…
Ўз элати меҳридан дилин,
Ёт тутганлар сизни эшитсин.
Ўз юртида ўз она тилин,
Унутганлар сизни эшитсин.
“Сўз дурларин термоқдир ишим” — шоирнинг қутлуғ мақсади, эстетик кредоси, бутун ижоди — бунинг исботи.
Эркин Воҳидов ҳақидаги бир рисолада “у сўзни соққадай ўйнатади”, — деган мақтов ибора ишлатилган. Бу — асло муболаға эмас. Мана, шоирнинг икки сатри:
Қалбга гар истарсан ором, бўл ёмон сўздан йироқ,
Карвалол ичмоқ керакмас, кар ва лол бўлмоқ керак.
“Шахмат абадийдир, шеър ҳам абадий” мақоласида Навоийнинг “Шаҳ ёнин фарзин киби кажлар мақом этмиш, нетонг, Ростровлар арсадин гар чиқсалар руҳдек қироқ” мисраларини шундай теран таҳлил этиб, тагдор маъноларини чақиб берадики, бу мумтоз шеърият ва қадимий ўйиндан чуқур хабардор кишининггина қўлидан келади.
Эркин аканинг самолётда тўқилган ушбу тўртликига эътиборни қаратдилар устоз:
Сафар чоғи тайёранинг дилбар келини
Кўк юзини барчамизга тахти Сулаймон қилди.
Лекин эълон ўқиганда ўзбек тилини
Давлат тили бўлганига пушаймон қилди.
Тил мавсумий мавзу эмас, у ҳақда доимо ўйлаш ва сўзлаш бурчдорлик, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам, Алишер Навоий ҳазратлари ўз ҳикматларидан бирида “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” – деган ўгитни келтиради. Бундан шундай мазмун англашиладики, тилга муносабат эл тақдирига муносабат билан боғлиқ. Устоз Омонулла Мадаев билан бўлган ижодий мулоқот савол жавоблар йўсинида бўлиб ўтди ва барчада ёрқин таассурот қолдирди.
“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов