Жиззахдаги мактаблар фаолиятига назар
Бугун мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ёш авлодни муносиб камолга етказиш – умуммиллат ишига айланган. Бу улуғвор ишга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчилари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Айни пайтда ТИҚХММИ “Олий математика” кафедраси мудири Бахтиёр Худаяров бошчилигида бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Янгиобод туман халқ таълими бўлими мудири И.Рахимов ва бўлим мудири В.Хасановлар билан ҳамкорликда Жиззах вилояти Янгиобод тумани мактабларида ўқувчиларга турли фанлардан “Маҳорат дарслари” ўтмоқдалар.
“Маҳорат дарслари” ва очиқ мулоқотларда ўғил-қизларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда китобхонлик маданиятини ошириш, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ижроси ҳар бир мактабда қай даражада амалга ошгани билан танишиш ва зарурат бўлса, уларни янада такомиллаштириш, ўқув жараёнларида таълим сифатини янада яхшилаш, педагогларнинг малакавий компетентлигини ошириш, жамиятда муаллимлик касби нуфузини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айтиш ўринлики, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мактабларни “оталиққа олиш” ва уларга ҳар томонлама кўмак бериш вазифаси ТИҚХММИ жамоаси томонидан шу тариқа босқичма-босқич амалга оширилаётир. Мактаблардаги ҳақиқий аҳвол, уларнинг моддий-техник базаси ва муаммолари ўрганилади ҳамда тегишли мутасаддилар билан биргаликда уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилади. Иккинчиси, мактаб ўқитувчилари билан очиқ мулоқотлар ўтказилади. Зотан, “Жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш”, “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ўқитувчиларнинг ўрни” каби мавзуларда ўтказилган очиқ мулоқотлар асносида баъзи масалалар ечими ҳам топилмоқда. ТИҚХММИ профессор-ўқитувчиларининг мактабларда “Маҳорат дарслари” ўтиш ва ёш авлодни муносиб камолга етказиш йўлидаги эзгу ишлари изчил давом этаверади.
“Менежмент” кафедраси ассистенти У.Алимов ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Р. Жуманиёзов