Кластер тизимининг катта имкониятлари
Фан ва таълимнинг ишлаб чиқариш билан уйғунлиги барча соҳаларда тараққиётни таъминлайди. Бу борада табиийки, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси муҳим ва долзарб вазифа. Бу эса ўз-ўзидан инновацион кластерга йўл очади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 март ва 2018 йил 16-17 февраль кунлари халқ билан мулоқот қилиш ҳамда жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиб, Бухоро вилоятига ташрифлари чоғидаги “Пахта ва тўқимачилик кластери” лойиҳасини ташкил этишни олға сурдилар. Унда Ўзбекистонда кластер тизими асосида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг илмий асослари кўрсатиб берилган.
Кластерларни шакллантиришдан мақсад – шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир ҳил соҳа корхоналарини ва улар билан ягона технологик занжирда бўлган таълим, илмий, инжиниринг, консальтинг, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни уйғунлаштириш – инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш асосида рақобатбардош товарлар яратишга йўналтиришдан иборатдир.
Президентимизнинг элни фаровон, халқни бой қилувчи инновацион ғояларидан бири – Кластер тизимининг мамлакатимизда кенг жорий этилаётганидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва “BCT Cluster” томонидан ташкил қилинган “Инновацион кластер – фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси мезони” мавзусидаги илмий-амалий семинар худди шу мақсад йўлидаги дадил ва амлий қадамлардан бири бўлди дейиш мумкин.
Илмий-амалий семинарда Вазирликлар, Уюшмалар, Олий ўқув юртлари, Илмий текшириш институтларининг олимлари ва тадқиқотчилари, Республикада фаолият юритаётган Кластер тизимидаги ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. Ҳамкор сифатида “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталари таҳририяти ҳам қатнашишди. Илмий - амалий семинарни институт ректори, профессор Ў.Умурзаков бошқариб борди.
Семинарда “Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ғояси ва раҳбарлигида олиб борилаётган инновацион кластер тизимининг бугуни ва келажаги” (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири вакили Ш.Жониқулов), “ТИҚХММ институтида сув хўжалигини бошқариш бўйича инновацион ва илмий-тадқиқотлар кластерини жорий этиш тажрибалари” (Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, профессор Ў.П.Умурзаков), “Кластер – интеграция, инновация ва иқтисодий ўсиш” (Иқтисод фанлари доктори, профессор, “BCT Cluster” раҳбари М.А. Раҳматов (Россия, Буюк Британия)), “Кластер тизимини ривожлантиришнинг Сирдарё вилоятидаги илмий-амалий тажрибаси” (Олий Мажлис Сенати аъзоси, “BЕК Cluster” раҳбари У. Сотиболдиев (Ўзбекистон – Англия)), “Хитой компанияларининг Ўзбекистонга инновацион кластер инвестициялари” (Пан Хан, тадбиркор ХХР) “Европа кластер тизимини Ўзбекистон саноатига жорий этиш истиқболлари” (Жўшқин Ренкли ўғли, тадбиркор Туркия) мавзудаги маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.
Бугунги кунга келиб инновацион кластер – фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси мезони экани аён бўлиб қолди. Айни кунларда Республикамизнинг деярли барча вилоятлари ўз катта – кичик кластерларига эга. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда келгуси йилдан бошлаб бу тизим барча туманларда аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг “локомотиви” бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий бозор муносабатларини кенг жорий этиш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерларини ривожлантиришга алоҳида эътибор беришимиз кераклиги қайд этилди. Келгусида пахта етиштирувчи 133 тумандан 70 таси тўлиқ Кластер тизимига ўтади. Янги тузилаётган кластерлар томонидан 41 корхона ташкил этилиб, 25 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Кластер стратегиясини амалда қўллаш асосида миллий ва минтақавий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ғояси ётади (М.Портер ва М.Энрайт) ва унинг қуйидаги устувор жиҳатлари борлигини очиб беради:
- корхона (фирма)лар учун таъминотчиларга, малакавий ходимларга, ахборотларга, хизмат ва таълим марказларига тўғридан-тўғри боғланишлари сабабли меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга имкониятлар яратилади. Кластерлашган минтақалар корхоналарида меҳнат унумдорлиги 1,5 баробаргача, иш ҳақи эса 30 фоизгача кўплиги ўз тасдиғини топган;
- таълим ва илмий-тадқиқот марказлари янги илмий-услубий ишланмаларни яратиши, уларни қисқа муддатда синовдан ўтказиши, ишлаб чиқаришга жорий этиши учун шарт-шароитлар мавжуд бўлади;
- ишлаб чиқариш илмий изланишлардаги ходимлар ва мутахассислар меҳнатларини кўпроқ рағбатлантиришга ва янги товарларни яратишга имтиёзли шароитлар бўлади.
Мамлакатимиз Президенти томонидан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Саммитидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслардан бири агросаноат кластерларни ривожлантириш ғояси бўлди. Бу инновацион ғоя тезда дунё илмий жамоатчилиги томонидан тан олинди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ватанимизни дунёнинг илғор давлатлари қаторидан жой олишининг йўли – бу аграр соҳада, илм-фанда, таълим тизимида ва бошқа соҳаларда кластер тизимларининг жорий этилиши ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари олимлар билан учрашувларида таъкидлаганидек, барча соҳаларда кластер тизимини яратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Дарҳақиқат, енгил саноат, нефть, газ, химия, биотехнология, фармация, информатика, автоқурилиш, транспорт-логистика, рекреацион-туристик, озиқ-овқат, таълим, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, ипакчилик ва бошқа соҳаларда кластер тизимларини яратиш илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни молиялаштириш ҳажмини кўпайтиради, сифатини яхшилайди, илмий тадқиқот ишларининг техник таъминоти даражасини юксалтиради, инвестициявий ташқи лойиҳаларда иштирок этиш, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги имкониятларини яратади. Бундан ташқари, кластер тизимида таълим ишланмалари яратиш, уларни қисқа муддатда синовдан ўтказиш, ишлаб чиқариш ва илмий изланишлардаги ходимлар ҳамда мутахассислар меҳнатларини кўпроқ рағбатлантириш, янги товарларни Ўзбекистон бренди билан ихтиро қилиш учун кенг имкониятлар ва шароит пайдо бўлади.
Таълим тизимида ҳам кластер мавжуд. Бу эса шахсни камол топиши ва етук кадр бўлишига қаратилган бўлиб, унинг боғлиқлиги – боғча, мактаб, лицей, колледж, олий ўқув юрти, докторантура, малака ошириш каби жараёнларни қамраб олувчи бутун умр давомидаги таълим занжирини бир-бирига боғланганидир.
Хақиқатдан ҳам Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида бу занжир ўзини намоён этади. Лекин мустақиллик даврларнинг бошлари, ўтиш даврлари ва ундан кейинги даврларда республикамизда иқтисодий, таълим соҳаларида жуда мураккаб жараёнлар босиб ўтилди. Булар бир қараганда стабил ҳолатда кетгандек кўринсада, ҳозирга келиб ишлаб чиқаришда маҳаллий техника ва технологиялар замон талабларидан ортда эканлиги, касб-ҳунар коллежлари ҳамда ОТМларнинг битирувчиларини билим ва кўникма даражалари замон талабларидан пастда эканлиги яққол сезилиб қолди. Демак, бу ерда таълим занжири кетма-кетлигида узилиш бўлмаса хам, занжирнинг алоҳидаги бўғинлари ичида катта узилишлар рўй берган. Булар таълим олувчига нисбатан талабнинг сусайганлиги, таълим олувчининг олий маълумотга эхтиёж сезмагани, рақобат зарурияти бўлмагани, сифатли таълим шаклини бузилиши (ўқитувчилар қўнимсизлиги), ўқув юртларининг моддий – техника базасини етишмовчилиги ва бошқалар бўлди.
Шунинг учун ҳам юртбошимиз ҳозирги кунда миллий иқтисодиётимизни “Кластер усули”да ривожлантириш бўйича қўйган мақсад ва режасига асосланган ҳолда, ҳудди шу усул билан ОТМ ва бошқа ўқув юртларида “Рақобатбардош кадр тайёрлаш кластери” ташкил этиш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов