СЕРҚИРРА ФАОЛИЯТ СОҲИБИ

Джуманиязов Раҳимбой Маткаримович 1960 йилнинг 1 июлида Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим, Тошкент Давлат Санъат институтида ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маърифат” студиясида “Ёғду” бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида “Телевидение ва радиоэшиттиришлар” кафедрасининг мудири, Тошкент  Давлат Маданият институтининг доценти, Ўзбекистон Республикаси ИИВ  Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг нашри “Вақт-время” газетасида мухбир ва мусаҳҳиҳ Тошкент вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтининг профессори в.б. вазифаларида ишлаган. Ҳозирда у институтимизда Матбуот котиби лавозимида ишлайди. У Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ҳукуматимиз қарор ва фармойишларини республикамиз аҳолиси ўртасида кенг тарғибот қилиш, диний бағрикенглик тамойилларини аҳолининг кенг қатлам вакилларига етказиш борасида бир қатор тарғибот ишларни ташкил этиб келмоқда.

У мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва Республикамиз Президентининг маърузаларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага тарғиб этиш ишларини ташкиллаштириш ва миллий маънавиятимизни янада юксалтиришда, ёшларимизни миллий истиқлол руҳида тарбиялашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги ПҚ-3160-сонли қарорини ҳаётга тадбиқ этиб бориб, маънавиятимиз фидойиси ва нотиқ сифатида алоҳида обрў-эътиборга сазовор бўлди.

Республика Маънавият ва маърифат марказининг Жойларда маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиш ва турли ҳукумат тадбирлари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонун ва қарорларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага таъсирчан шаклда етказиш бобида эътиборга молик воиз сифатида, ишчи гуруҳи раҳбари ва аъзоси сифатида аҳолининг мафкуравий баркамоллигини таъминлаш, миллий қадриятларимизни тиклаш ҳамда ушбу бебаҳо бойлигимизни халқимизга, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш борасида бир қатор ижобий ишларни амалга ошириб келмоқда. У Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда ДХХ да ўтказиладиган маънавият ва маърифат соатларининг доимий маърузачисидир. Джуманиязов Раҳимбой Маткаримович ёшлар билан ишлашда етарли тажрибага эга бўлган мутахассис бўлиб, ўз билими ва салоҳияти билан ёш авлодни комил инсон, юксак маънавиятли, маданиятли, ватанпарвар ва билимдон бўлиб етишишларида  жамият тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

У кўп йиллар мобайнида туркий халқларнинг қадимий ёзувлари, ўтмиш маданияти ва фольклори билан шуғулланиб келади. Ана шу самарали меҳнатнинг ҳосиласи сифатида мустақиллигимиз даврида қатор илмий тадқиқот ишлари юзага келган.  Айниқса, унинг ўтмиш маданиятимизнинг калити, шарқ тарихининг очқичи бўлган араб алифбоси асосидаги эски ўзбек ёзувини ўргатиш борасидаги саъйи ҳаракатлари таҳсинга сазовордир. Телевидение ва радио, матбуот ва нашриёт орқали унинг чиқишлари, қатор рисола, китоб ва ўқув қўлланмалари моҳият эътибори билан қимматлидир. “Ўқитувчи” нашриётида кўп минг нусхада чоп этилган “Эски ўзбек ёзуви”  китобининг 3 та нашри ҳозиргача гуманитар йўналишидаги ўқув муассасаларида асосий дарсликлардан бири сифатида  ўқитиб келинади. Худди шу мақсадда яратилган “Ҳарфлар тилга кирганда”, Туркий савод” китоблари эса унинг моҳир каллиграф, қилқалам хаттотлигидан ташқари шоирлик истеъдодини ҳам намоён этди. Араб ҳарфларининг ҳар бирига шеърий таърифу тавсиф бериш учун илмий ва бадиий салоҳият, етук санъаткорлик, хаттотлик иқтидори зарурлигини ҳамма билади.

Қадимги халқ китобларини чуқур ўрганиш ва тадқиқ қилишда давом этиб, “Юсуфбек ва Аҳмадбек” достонининг тарихий асослари” мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. “Бобо Равшан”, “Иброҳим Адҳам”, “Дили ғаройиб”, “Соҳибқирон Амир Темур”, “Девони Ниёзий”, “Ахтамнома”, “Тазкираи Лаффасий”, Девони Ходим”, “Тазкираи “Мажмуат уш-шуаройи Феруз шоҳий” каби Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланаётган 20 га яқин нодир қўлёзма китобларни араб ёзувидан кирил ва лотин алифбосига транслитерация қилди. Уларнинг айримлари китоб ҳолида чоп этилди.

Бунинг исботи ўрнида унинг “Халқ даҳосининг кўзгуси”, “Халқ ижоди – ҳақ ижод”, “Донг қозонган достон” номли китоб ва рисолаларини кўрсатиш мумкин. Халқимиз мустақиллик шарофати билан 70 йиллик исканжадан қутулгандан кейин сувга чанқаган кимса каби унинг китобларини қўлма-қўл ўқиб ўрганишга киришди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган авлоднинг, деярлик барча хонадонларда унинг тарихий меросимизнинг калити ҳисобланган “Эски ўзбек ёзуви” китоби ҳануз ҳам бор. Ҳатто, у ҳақда матбуот нашрларидан бирида “Жумҳурият муаллими” номли мақола ҳам эълон қилинганди.

Айниқса, унинг Ўзбекистон телевидениесининг биринчи канали орқали эфирга узатила бошлаган “Алифбо сабоқлари” муаллифлик кўрсатувидаги педагоглик ва бошловчилик маҳорати, ўктам овози кўпчиликни сеҳрлаб қўйганлигини ҳеч ким инкор этмаса керак. Унинг янада машҳур ва манзур бўлишига сабаб эса қадимий давр, аниқроғи, 1300 йиллик тарихимизни ўз ичига олган араб ёзуви ва янги лотин ёзувини ўргатишга қаратилган “Сирли сандиқ” ва “Иқтидор”  интеллектуал-телевизион ўйинлари кўпчилик мухлисларини лол қолдириб меҳрини қозонди десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий - маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги 451-сонли (25.08.2006 й.) Қарори  ва шу асосдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 28 февралдаги 07/2-80 - сонли “Таълим муассасаларида диний экстремизм ва миссионерликнинг олдини олиш, ижтимоий – маънавий муҳитни  янада соғломлаштириш бўйича ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ”нинг 3 – қисм, 16 – бандига мувофиқ Миллий ғоя ва мафкурани талаба-ёшлар онгига сингдиришнинг самарали технологияларини жорий этиш юзасидан Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ички ишлар вазирлиги ҳамда “IQtidor-ma’rifat” ижодий гуруҳи ҳамкорлигида талаба-ёшларнинг интеллектуал қобилиятини синаш ва рағбатлантириш мақсадида мунтазам давом этиб келган мусиқий ва мусобақавий характердаги “ҒОЯМИЗ – ҲИМОЯМИЗ” номли электрон ижтимоий-маърифий лойиҳанинг муаллифи ва бошловчиси сифатида қатор олий ўқув юртларида ушбу тадбирни муваффақиятли ўтказиб келади.

Айни кунларда эса унинг фаолияти мазмуни ва тадбирлари моҳияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги ПҚ-3160-сонли қарорига қаратилгани билан характерланади. Шунингдек, у Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг ташаббусига мувофиқ 64/21–сонли жазони ижро этиш муассасасидан “Мени кечиринг, одамлар”, “Иқрор”, “Эътироф ва эътироз”, “Пушаймонлик қисмати” ҳамда Зангиота тарбия колониясидан “Бебошлик балоси”, “Адашганлар” номли ҳужжатли фильмларнинг муаллифи сифатида ички хизмат соҳасида фойдаланиш учун тайёрлади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ билан “IQTIDOR-Film” видеостудияси ҳамкорлигида тайёрланган, кенг омма эътиборига ҳавола қилиниб, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан муваффақиятли тасдиқланган тарбиявий-ахлоқий мазмундаги “Қора илон”, “Бегона” ва “Ота” номли бадиий фильмларнинг продюссери ва ҳаммуаллифи бўлиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг гиёҳвандликка қарши курашдаги матонатини акс эттиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. У раҳбарлик санъати, бошқарувда нотиқлик маҳорати мавзулари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида, Юристлар малакасини ошириш марказида ҳам соатбай дарс бериб келади.

Унинг Республика Маънавият ва маърифат маркази қошидаги “Маънавият тарғиботчиси” нодавлат таълим муассасасида “Тил тактикаси - тараққиёт стратегиясининг инновацион ва таъсирчан механизми” мавзуидаги турли тизим, қўмита ва вазирликлар учун қилган маърузалари тингловчиларнинг аллақачон эътиборини тортган. Унинг 2016 йили Республика Маънавият тарғиботи марказининг таклифига биноан “Ватан ва халқ мангу қолади” деб номланган, Биринчи Президентимизнинг тинчлик, оила ва маҳалла, ёшлар, таълим-тарбия ҳамда маънавият ва маърифат масалалари борасидаги афоризмларидан таркиб топган, унинг ижросида ўқилган АУДИО диски турли тадбирлар олдидан қўйиб келинади.

Унинг бугунги кунда, глобаллашув даврида тарғиботчининг роли ва масъулиятининг янада ошганини эътиборга олгани ҳолда, оммага фикрни равон ва таъсирчан етказиш, қўрқув ва ҳаяжонни енгишга қаратилган нутқ маданияти ҳамда маҳорати сирларини ўргатиш мақсадида ташкил этган “NOTIQLIK SAN’ATI AKADEMIYASI” нодавлат таълим муассасаси алоҳида аҳамиятга эга. Барча қизиқувчи ёшларнинг, айниқса педагогларнинг коммуникатив компетенциясини оширишда, мулоқот ва муомала этикетини ривожлантиришда  ўша таълим муассасасининг хизматлари катта бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Миллий ғоя ва мустақиллик мафкураси маънавий ва маърифий йўл билан омма онгига тез, равон сингдирилгандагина қудратли кучга айланади. Бунинг учун маънавият тарғиботи ва ташвиқоти муҳим эканлигини, ҳар қандай мулоқотнинг мезони нутқий ва хулқий маданият билан боғлиқлигини “Нутқий маҳорат"(2005), “Ғоявий тарбияда нотиқлик санъати”(2001), “Тошкентдан гапирамиз” (2016), “Дил – қулф, тил – калит”(2015), “Муомала маданияти”(2015), “Таълим, тарбия, тафаккур, тараққиёт”(2015), “Нотиқлик санъати”(2016), “Маънавият тарғиботи”(2017), “Комилжонимни ёд этсам” (2017) “Сиз нотиқ бўлмоқчимисиз”(2019), каби туркум китоблари билан исбот этди.

У юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти эканини чуқур ҳис этгани ҳолда, худди шу ниятнинг рўёби сифатида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг  “Маданият ва маърифат” телеканалида “IQ - SHOU” номли интеллектуал телевизион мусобақавий дастурнинг муаллифи ва бошловчиси сифатида яна ўз фаолиятини бошлади. Ёшларнинг маънавий, маърифий онгу шуурини юксалтиришда ушбу кўрсатувнинг роли катта бўлишига ишончимиз комил.

У республикамизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётидаги турли янгиликларни ёритишда фаоллиги билан ажралиб туради. Айниқса, у ўндан зиёд халқаро конференциялардаги маърузалари билан биргаликда педагог-тингловчиларга фанни ўқитишда ахборот компьютер технологияларидан фойдаланиш ҳамда нотиқлик санъатидан дарс бериш асносида notiq.uz вебсайти орқали турли мавзуларда 500 га яқин хабар ва мақолаларини эълон қилган. Улар орасидаги аксарият мақолалари бевосита маънавият ва маърифат масалаларига, тарғиботи ва ташвиқотига бағишланган. Устозни таваллуд айёми муносабати билан самимий табриклаймиз.