Таълим тизимида узлуксизлик тамойиллари
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим». Шу нуқтаи назардан 2021 йил 18 февраль куни “Гидромелиорация” факультети, “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедраси ташаббуси билан Ўрта Чирчиқ тумани 56-мактаб битирувчилари ўқитувчилар ва мактаб директори ҳамроҳлигида институтимизга ташриф буюрдилар. Ташрифнинг асосий мақсади этиб институт ҳаёти билан яқиндан танишиш бўлиб, институтда қайси соҳаларда кадрлар тайёрланади, келажакда институтни тамомлаган мутахассислар халқ хўжалигининг қайси тармоқларида фаолият юритадилар каби саволларга жавоб олиш кўзда тутилган эди.
Мактабнинг битирувчи ўқувчилари билан “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедрасининг профессор-ўқитувчилари давра суҳбати ташкил этиб, институтда тайёрланадиган кадрлар тўғрисида, талабалар учун янги замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган аудиториялар, янги таъмирдан чиқарилиб топширилган спорт комплекси, талабалар турар жойида яратилган шарт-шароитлар, факультетлар ва кафедралар қошида фаолият кўрсатаётган тўгараклар ҳамда талабалар томонидан амалга оширилган турли лойиҳалар ва янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган турли илмий янгиликлари тўғрисида сўзлаб бердилар. Ушбу давра суҳбати давомида ўқувчилар ўзларининг қизиқтирган саволлари билан мурожаат этиб профессор – ўқитувчилардан уларга жавоблар олдилар.
Факультет раҳбарияти ҳмда “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедрасининг профессор-ўқитувчилари мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларини институт кутубхонаси, ўқув бинолари, лаборатория хоналари ва бошқа бўлимларга экскурсия ташкил этдилар. Ўқувчиларда айниқса, факультетнинг лаборатория биноси катта таассурот қолдирди. Улар у ерда олиб бориладиган ўқув ва илмий тадқиқот тажрибалари ўтказилиши, тажриба натижаларини таҳлил қилиш ҳақидаги суҳбатларни мароқ билан тингладилар. Мактаб битирувчилари маъруза залларида, ректорат биноси ҳамда институт ошхонасида ҳам бўлдилар. Хуллас, битирувчиларнинг институтга ташрифи жуда қизиқарли ва таассуротларга бой бўлди. Улар мактабни тамомлгач Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаси бўлишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар!
ТИҚХММИ матбуот хизмати