Институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг 8 – март – халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тадбирдаги табрик нутқи
Ассалому алайкум муҳтарама аёллар, азиз опа
сингиллар,дилбар ва лобар қизлар!
Гўзал ва бетакрор диёримизга байрамона қувончли кунларга, лаҳзаларга бой фасли Баҳор ташриф буюрди.
Шу қувончли кунларда, халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Сиз азизлар билан учрашиб, Сизларни чин дилдан байрам билан табриклаб турганимдан беҳад бахтиёрман.
Ҳурматли азиз ва мунис онахонлар, қадрдон опа- сингиллар, дилбар ва лобар қизлар Сизларни ўлкамизга кириб келган илк Баҳор байрами билан институт эркаклар жамоаси номидан чин дилдан муборакбод этаман.
Сизлар жамоамизнинг бамисоли нафис ва бежирим гуллар каби безаб турибсизлар.
Сизлар жамоамизда маданият ўчоғининг аланга шуъласи бўлиб турибсизлар.
Сизлар жамоамиздаги ҳар бир ютуққа чиройли табассум ила меҳнатларингиз билан камарбаста бўлиб турибсизлар ва биз буни ҳеч қачон унутмаймиз.
Азизлар, оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу-барокот киритадиган, xонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат ва эзгулик нури билан тўлдирадиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир.
Сизларнинг биргина ширин сўзларингиз - синиқ кўнгилларни шод қилиши мумкин...!!!
Сизларнинг биргина илиқ табассумларингиз – дунёдаги барча нохушликларни бартараф этиши мумкин...!!!
Сизларнинг биргина умид ва самимий тилакларингиз - юксак муваффақиятларга етаклаши мумкин..!!!
Чиндан ҳам, аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёс. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамxўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар.
Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф излаганда, уни Она сиймосига қиёс этганларида катта маъно бор. Дунёда муқаддас деган сўзга энг муносиб зот ҳам – Онадир.
Қадимдан бир ривоят бор:
Бир аёл одамлар орасида боласини қаттиқ урар экан. Бола қаттиқ зарбаларга чидаб ҳеч йиғламас экан.
Орадан йиллар ўтибди, одатдагидек она боласини одамлар орасида урганида, бу сафар бола қаттиқ йиғлаб юборибди...
Одамлар ажабланиб:
- «Эй йигитча, олдинлари онангиз калтаклаганларида миқ этмасдингиз-ку, нега бугун кўзларингизга тўла ёш олдингиз?» - деб сўрашибди. Йигитча йиғлаганча...
Онасини қўллари қаттиқ тегмайди ва шунда бола қаттиқ йиғлайди демак онам қарибди деб....
Шунинг учун азизлар онани эъзозлаш - бизнинг миллатимиз, xалқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат.
Чунки аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз.
Шарқда аёлни фариштага қиёс қилишади. Чунки фаришталар Аллоҳ таоло яратган энг пок, энг бегуноҳ зотлардир.
Xалқимизнинг буюк тариxида ўзининг жасорат ва матонати, ақл-заковати, нафосат ва назокати билан ўчмас ном қолдирган Тўмарис, Бибиxоним, Гулбаданбегим, Зебунисо, Нодира, Увайсий, Анбар Отин ва бошқа юзлаб аёлларимизни ҳамиша эҳтиром билан тилга оламиз
Биз ўзимизни доимо оналаримиз, опа сингилларимиз олдида қарздордек ҳис этамиз, Сиз азизларга доимо дунёнинг барча яхшиликларини, бойликларини соғиниб яшаймиз.
Ҳурматли опа сингиллар, қадри баланд аёллар. Биз ўз касбига фидойи, юксак маънавиятли, ҳалол ва пок ниятли муҳтарама аёлларимизни, тажрибали педагог ва меҳрибон мураббий аёлларимизни доимо эъзозлаб келганмиз ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.
Муҳтарама аёллар! Барчамиз учун қадрли бўлган, иккинчи уйимиз бўлган институтимиз жамоасининг 37 % фоизини муҳтарама хотин-қизлар ташкил этади. Улар ичида 11 нафар фан докторлари ва профессорлар, 33 нафар фан номзодлари ва доцентлар ва 120 дан ортиқ тажрибали меҳрибон аёл ўқитувчилар фаолият юритмоқдалар.
Институтимизда барқарор маънавий муҳитни шакллантиришдаги беқиёс ўрнингизни юксак қадрлаймиз.
Сизларнинг тўлақонли илмий ва педагогик фаолият юритишларингизни таъминлаш учун барча шарт-шароитларни яратишга доимо тайёрмиз.
Яна бир бор байрамларингиз муборак бўлсин, азиз опа сингиллар!
ТИҚХММИ матбуот хизмати