Муқаддас даргоҳга ташриф
«Ирригация ва мелиорация» кафедраси доценти Адҳам Маматалиев раҳбарлигида «Сув хўжалиги ва мелиорация» таълим йўналиши 402-гуруҳ талабалари Тошкент шаҳридаги “Адиблар хиёбони”га ташрифни амалга оширдилар. Бу ташрифдан мақсад Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ёдгорлик хайкалини зиёрат қилиши ва хотирасига ҳурмат бажо келтириш эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра шу кунларда Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш бўйича республикамиз бўйлаб кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси, унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш ҳамда ёш авлод тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Шу сабабли талаб-ёшларни бу тадбирларга кенг жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш – халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. Талабаларимиз Абдулла Ориповнинг ижодий фаолиятини эсга олиб, ёдгорлик хайкалини зиёрат қилгандан сўнг хиёбондаги адабиётимиз равнақига умрини бағишлаган бошқа адиблар хайкалларини ҳам зиёрат қилишдилар.
Юртбошимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш бўйича олиб борган сиёсати натижасида ёшларнинг китоб ўқишга қизиқиши орта бошлади. Китоб мутолааси, адабиёт тарғиботи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муҳим 5 ташаббуснинг тўртинчиси ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Бу боғни айланган ёшларда адибларнинг ҳайкаллари билан таниша туриб, уларнинг асарларини олиб ўқишларига иштиёқ пайдо бўлишига ҳеч шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам “Адиблар ҳиёбони”ни ёшлар учун ўз ўрнига эга бўлган муқаддас даргоҳ дейиш мумкин.
ТИҚХММИ матбуот хизмати