Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтида АТБ Туронбанк инновацион илмий-амалий тадқиқот маркази очилди

Тараққиётнинг бугунги палласида ахборотларга, IT технологияларига, рақамли иқтисодиётга асосланган бозор иқтисодиёти ривожланишининг бугунги ҳолати илм-фан, олий маълумотли мутахассислар олдига жиддий талаблар қўймоқда. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, кадрлар тайёрлашнинг “таълим-фан-ишлаб чиқариш” интеграциясига асосланган модули самарали ҳисобланади. Шу мақсадда ТИҚХММИ нинг барча факультетларида ўз йўналишлари бўйича кўплаб инновацион марказлар очилиб талабаларга улкан имкониятлар яратилмоқда.

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти "Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш" факультетида талабаларни билим ва кўникмаларини янада ошириш ва ҳозирги дунё талабига мос мутахассис бўлиб етишиб чиқиши мақсадида АТБ Туронбанк билан ҳамкорликда инновацион илмий-амалий тадқиқот марказининг очилиши маросими бўлиб ўтди.  Тадбирда институт ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич ва АТБ "Туронбанк" бошқаруви раиси Мирзаев Чори Садибакасовичлар ҳамкорликдаги фаолиятнинг моҳияти ҳақида ўзаро фикр билдиришди. Президент стипендиати ғолиби, "Иқтисодиёт" кафедраси таянч докторанти Сирожиддин Эшматов, Ёшлар иттифоқи факультети кенгаши етакчиси Ҳайитбой Искандаров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан қўшимча давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига хотин-қизларни  қабул қилиш тартибининг совриндори Зилола Раҳимовалар ҳам сўзга чиқишди.

Жумладан ТИҚХММИ “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” факультети "Бухгалтерия хисоби ва аудит", "Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш" “Иқтисодиёт” таълим йўналиши талабалари учун  АТБ “Туронбанк” инновацион илмий-амалий тадқиқот маркази хонаси ташкил этилиб талабаларга  институтда олинган назарий билимларни бевосита банк филиалларида кўриш ва ўрганиш имкониятини яратиб беради. Шу билан биргаликда бу ҳамкорлик профессор-ўқитувчилар малакасини оширишга хизмат қилади. Таълим йўналишида ўқитилаётган фанларни банкнинг амалиётчи мутахассис ходимлари томонидан реал ҳолатдан келиб чиққан ҳолда баҳоланиши, таҳлил қилиниши профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун фойдали ҳисобланади. Иқтисодиётнинг реал секторида, хусусан банк соҳасида мавжуд муаммоларни институт профессор-ўқитувчилари, таянч докторантлари томонидан ўрганиш ва илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.

Қўшимча қилиб айтганда, институтнинг барча факультетларида давлат корхоналари илмий-амалий марказлари очилиши давомли бўлмоқда ва келгусида ҳам айнан "Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш" факультети  талабаларини ўз созасининг етук мутахассиси бўлиб етишиб чиқиши мақсадида бу каби инновацион марказларни Агробанк хамда Халқ банклари билан ҳамкорликда ташкил этиш режалаштирилган. Институтнинг бу каби ҳаракатлари ўз самарасини бермасдан қолгани йўқ, бунга яққол далил сифатида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари рейтингида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 2018 йилда 3-ўринни эгаллаган бўлса,

2019 йил натижалари бўйича 2-ўринни қайд қилди. Ҳозирда жаҳон университетларининг халқаро рейтингини аниқловчи Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг агентликлари томонидан “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё” (Emerging Europe and Central Asia – EECA) рейтингида мамлакатимизда биринчи бўлиб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти мазкур рейтингида 301+ ўринни қайд этганлигини келтириб ўтса бўлади. Бундан ташқари, худди шундай яна битта халқаро рейтинг агентлиги Times Higher Eduducation (THE) томонидан ҳам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Тоза сув ва санитария” йўналишида - 201-300 ўрин, “Ердаги ҳаёт” йўналишида 201+ўринни эгаллаб, дунё университетлари рейтингида соҳаси бўйича 201+ ўринни қайд этган.

ТИҚХММИ матбуот хизмати