Ёшлар сиёсати амалда
20 январь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда муҳтарам Юртбошимизнинг 2020 йил 29 декабрь куни парламентга йўллаган мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини ёритиб бериш ҳамда ёшларнинг сиёсий билимларини янада оширишга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди. Президент Мурожаатномаси барчамизнинг олдимизда турган бир йиллик мақсадларимизга ва амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларга дастуруламал бўлиб хизмат қилиши табиий, аммо, бугунги учрашувнинг ўзига хослиги шундаки, Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти аввало, ёшларга, кейин жамиятнинг бошқа қатламларига сингдирилиб борилиши лозим деган мақсадда айнан ёшлар билан ташкил қилинди. Ушрашувни Институт ёшлар етакчиси биринчи ўринбосари Ҳайтбой Искандаров очиб берди, учрашувда Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи Р. Анварова, Мирзо Улуғбек тумани бошқармаси бошлиғи Ғ. Толипов, Ёшлар иттифоқи Мирзо Улуғбек тумани кенгаши раиси Н.Шукуров, Ёшлар парламенти аъзоси О.Собитовлар иштирок этишди.
Ўзининг танқидий-таҳлилий чиқишлари билан ёшлар орасида танилган, ёшлар соҳасидаги ислоҳатларга ўзининг ҳиссасини қўшиб келаётган Отабек Собитов Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини содда ва тушунарли қилиб барча иштирок этган талабаларга етказиб берди. Мурожаатномада келтириб ўтилган ёшлар ҳаётида амалга оширилиши кутилаётган улкан ўзгаришлар ва ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Отабек Собитовга талабаларимиз томонидан ёшлар ва таълим соҳасидаги бир қанча саволлар ва таклифлар билдирилди. Учрашувга ташриф буюрган барча меҳмонлар талабаларимизга ўз тавсия ва маслаҳатларини бериб ўтишди. Якуний сўз ўрнида Институт Ёшлар етакчиси А.Бердимуродов иштирок этган талабаларга ва ёшларимизнинг сиёсий билимларини оширишга ҳиссаларини қўшган барча меҳмонларга миннатдорчилик билдириб, учрашувга якун ясади.
ТИҚХММИ матбуот хизмати