Президентнинг соҳамизга доир фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 17 июндаги ПФ–5742-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонда республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, шунингдек, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш юзасидан устувор вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу вазифаларни белгиланган муддатларда сифатли амалга оширишни ташкил этиш, Фармоннинг мазмун ва моҳиятини кенг оммага тушунтириш мақсадида жорий йилнинг 20 июнь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Қишлоқ ва сув хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш: муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

 Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигига алоқадор вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, давлат қўмиталари вакиллари, акциядорлик жамиятлари ва агентликлар раҳбар ва мутахассислари ҳамда Илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари олимлари, докторантлар иштирок этдилар. Анжуманда муҳтарам Президентимиз томонидан чиқарилган мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, мутахассислар ва олимлар томонидан 6 та маърузани эшитиш, ўзаро савол-жавоблар ва муҳокамалар кўзда тутилган.

 Маълумки, сўнгги ўн йилликларда инсониятни ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш жадаллиги билан боғлиқ, глобал миқёсдаги муаммолар кўпайиб бораётганлигини англаб етдик. Инсоният аҳоли ўсиши ва иқтисодиёт ривожлангани сари чучук сув ресурслари тахчиллиги ортиб боришига, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш муаммоларига дуч келди. Бу глобал ҳодиса иқлим ўзгариши жараёнлари билан янада мураккаблашган. Жамият ва табиатнинг ҳамма турдаги талабларини таъминлаш учун  яроқли бўлган ер ва сув ресурслари тахчиллигини ортиб бориши ҳамма жойда содир бўлмоқда, лекин дунёнинг алоҳида ҳудудларида бу жараён жуда ҳам жадал кетмоқда. Илмий – амалий анжуман давомида ушбу Фармондан келиб чиқиб соҳага алоқадор вазирлик ва идораларнинг ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича устувор йўналишлари ҳамда самарали иш режалари белгилаб олинди.

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов