Блогер ва ҳуқуқшунос билан онлайн мулоқот
Маълумки, муайян муддат ҳар хил воқеалар, турли миш-мишлар билан ўз-ўзини пиар қилувчиларнинг айримлари ҳам блогер деб юритилди. Лекин уларнинг ичида нима, қачон, қайерда саволларига жавоб излаб хабар берувчи блогерлардан кўра воқелик ва жараённи синчиклаб ўрганиш асносида нега, нима учун, нима мақсадда деган саволлар билан таҳлилий назардан ўтказувчи блогерларнинг фаолияти таҳсинга сазовор. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Ғайратович ана шулардан биридир.
Хабарингиз бор, бугунги кунда Пандемия даврида, Карантин шароитида кўплаб ташкилотларда хусусан, Олий таълим муассаларида онлайн конференциялар, онлайн форумлар, онлайн учрашувлар ташкил этилмоқда. Биз, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандилари институти фаол талабалари ана шундай ташаббусларни илгари суриб, кўплаб талабалар хоҳиш ва истакларидан келиб чиқиб Онлайн суҳбатлар ўтказишни режа қилдик. Бугунги, меҳмонимиз Ҳуқуқшунос, Блогер, таълим соҳасида жамиятга, ёшларга кўплаб таҳлилий маълумотларни улашиб келаётган Хушнудбек Худойбердийев бўлди. Дастлаб, иштирокчилар Зум орқали рўйхатга олинди. Онлайн суҳбатни Республика Олий таълим Кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, устозимиз Умурзаков Ўктам Пардаевич очиб бердилар ҳамда йиғилганларга онлайн суҳбат юзасидан ўзининг илиқ фикрларини билдириб ўтдилар. Зум дастури орқали бўлиб ўтган Онлайн суҳбатда 420 дан ортиқ иштирокчилар қатнашишди ҳамда бир вақтнинг ўзида Феcбук ижтимоий тармоғи орқали жонли эфирда кўплаб юртдошларимиз ҳам иштирок этишди. Онлайн суҳбат самимий, мулоҳазали, оддий ва албатта кўтаринки кайфиятда бошланди. Онлайн суҳбатга Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чориев, Институт фаол ёшлари жамоаси аъзолари А.Бердимуродов, Д.Акбаров, У.Манзирбоевлар модераторлик қилишди.
Хушнудбек Худойбердиев сўз берилишидан олдин проректор Р. Чориев унинг таржимаи ҳоли билан мухтасар шаклда таништириб ўтди. Хушнудбек йиғилганларга ўзининг соҳа юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Кейин, эса интерактив саволларга навбат берилди. Модераторлар томонидан талабаларнинг ва иштирокчиларнинг таълим тизимига доир саволлари берилди. Иқтидорли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев саволларнинг ҳар бирига имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қилди ҳамда буни уддалади. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар, келгуси режалар ва бугунги кундаги соҳадаги ўзгаришларга алоҳида тўхталиб, ўзининг шахсий фикрларини билдирди. Акмал Бердимуродов, Улуғбек Манзирбоев, Дилмурод Акбаровлар модератор сифатида мухлисларнинг саволларини етказиб тадбирга жон бахш этиб туришди. Меҳмоннинг олий таълим тизимида ўз номи билан таълим етакчи бўлиши керак, тарбияни эса оилада, ота-она бериши шарт мазмунидаги мулоҳазалари бир мунча баҳсли бўлди. Бунга эътирозан институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов ҳар бир давлатнинг, халқнинг ўз менталитети борлиги, маънавий-миллий қадриятларга эгалигини эътироф этди. Айни пайтда унинг блогер сифатидаги фаолияти "Нотиқлик санъати академияси" таълим муассасасиниг махсус совринига эга бўлгани билан қутлади.
Шундай экан, таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан ажратиб бўлмайди. Бу шундай жипс боғланганки, бамисоли бир танганинг орқа ва олд томонидир, бошқача айтганда, эт ва тирноқ кабидир. Чунки, таълимда тарбия, тарбияда таълимнинг томизғиси бор. Тадбирларнинг кўпроқ ўтказилишидан кўра, унинг таъсирчанлиги натижа бериши кераклиги қайд этилди. Ҳисобот учун тадбир ўтказилишининг аҳамияти камлиги, эътироф этилди. Сўнгра унга жавобан Олий таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи Отабек Бозоров сўз олиб ўз мулоҳазаларини билдирди. Тадбирлар шунчаки номига эмас, талабаларни дарсдан олиш бадалига эмас, балки, қизиқарли тарзда, таъсирчан шаклда ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини эътироф этиб, Оммавий ахборот воситаларида чиқиш учунгина эмас, маънавий тадбирларимиз ўз ўрнига, мақсадига эга бўлишини қайта-қайта уқтирди. Сўнгра ТИҚХММИда 20 йилдан зиёд муддат мобайнида фаолият юритган профессор Жуманиёз Раматов ҳам ўзининг кескин мулоҳазаларини бидирди. Шу аснода Хушнудбек барча саволларга тўла жавоб бермагани, айтган фикрлари ўзининг шахсий мулоҳазалари эканини ҳам таъкидлади. Шу билан Хушнуд Худойбердиев иштирокида ўтказилган жонли, баҳсли тарздаги масофавий мулоқот ниҳоясига етди ва унга ўз вақтини аямасдан мулоқотга рози бўлгани учун институт раҳбарияти томонидан миннатдорчилик билдирди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати