ТВда ирригация тизими тарихи
2021 йилнинг 18 июнь куни ТИҚХМИИ "Гуманитар фанлар" кафедраси профессор-ўқитувчи ва докторантлари "Ўзбекистон тарихи" телеканалида "Ўзбекистонда ирригация тарихи" мавзусида кўрсатувда қатнашдилар. Кафедра мудири Ш.М. Ўлжаева, катта ўқитувчиси М.Ҳакимова, таянч докторантлар Р. Зафаржонова, М. Маҳмудовалар бу кўрсатувда ўзлари олиб бораётган илмий тадқиқот натижалари тўғрисида сўзлаб ўтдилар. Ҳақиқатан ҳам цивилизациялар ирригация тизимлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланган. Айниқса, сунъий суғоришга асосланган Ўрта Осиёда сув ҳаёт-мамот масаласига айланган. Сув муаммоси бўлган ҳудудларда тамаддун ўчоқлари пайдо бўлмаган. Қадимги Миср, Месопотамия, Ўрта Осиёдаги шаҳарлар ва давлатлар серсув ҳудудларда пайдо бўлган ва ривожланган. Кўрсатувда юртимизда ирригация соҳасида рўй берган тарихий жараёнлар, давлат ва жамият тараққиётининг сув билан боғлиқ бўлгани турли мисолларда очиб берилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти «Гуманитар фанлар» кафедраси ҳузурида “Ўзбекистонда ирригация тарихини ўрганиш илмий-тадқиқот маркази” илмий-инновацион лабораторияси ташкил этилди. Ўзбекистонда ва жаҳонда ирригация тарихи ушбу лабораторияда доимий равишда тадқиқ этиб борилади ва тадқиқотлар натижалари оммавий ахборот воситаларида, хусусан "Ўзбекистон тарихи" телеканалида мунтазам тарғиб қилиб борилади.
ТИҚХММИ матбуот хизмати