КАФЕДРА ФИЛИАЛИНИНГ ОЧИЛИШИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.05.2018 йилдаги ПҚ-3702-сонли Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг инновацион корпоратив ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида амалга ошириладиган ишлар бўйича “Ўзбекгидроэнерго” акционерлик жамияти ҳамда унинг таркибидаги “Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонаси ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида тузилган шартномаларга асосан талабаларга институтда олаётган назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаш мақсадида Чирчиқ ГЭСида институтнинг Гидротехника қурилиши факультети “Сув энергияси ва насос станцияларидан фойдаланиш” кафедрасининг филиалининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир “Ўзбекгидроэнерго” акционерлик жамиятининг кадрлар ва олий таълим муассасалари бўйича бошқарма бошлиғи Суннатов Иноят Сохибович, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги кадрлар бошқармаси бошлиғи Хуршид Лапасов, “Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонаси директори – Шадманов Абдурасул Абдурашидович” институтнинг Гидротехника қурилиши факультети декани Хасанов Бахриддин Баратович томонидан тантанали равишда очиб берилди.
Кафедра филиалида институтнинг “Ирригация тизимларида сув энергиясидан фойдаланиш” бакалавриат таълим йўналиши 4 курсининг 59 нафар талабалари “Гидроэнергетик қурилмалардан фойдаланиш” фанидан ҳамда “Насос станциялари ва қурилмаларидан фойдаланиш ва ташхиси” ва “Гидроэлектростанциялар қурилиши ва улардан фойдаланиш” магистратура мутахассислиги 17 нафар 1 ва 2 курс магистрантлари “Гидроэнергетик қурилмалар” ҳамда “Гидроэлектростанциялардан фойдаланиш” фанларидан амалий машғулотлар давомида институтда олган назарий билимларини мустаҳкамлашади. Бунинг учун филиалда 20 ва 40 ўринга мўлжалланган замонавий ўқув қуроллари билан (интернет, видеопроектор, телевизор) жихозланган 2 та аудитория ва лаборатория хонаси ажратилган.
“Ирригация тизимларида сув энергиясидан фойдаланиш” бакалавриат таълим йўналиши талабалари “Гидроэнергетик қурилмалардан фойдаланиш” фанидан 7, 8-семестр давомида 46 соат, “Насос станциялари ва қурилмаларидан фойдаланиш ва ташхиси” магистратура мутахассислиги магистрантлари эса “Гидроэнергетик қурилмалар” фанидан 80 соат ҳажмидаги амалий машғулотларни “Чирчиқ ГЭСлар каскади”нинг етакчи ва тажрибали мутахассислари олиб боришади.
Амалий машғулотлар давомида талаба ва магистрантлар ГЭСнинг ишлаш принципи, турбина ва гидрогенератор, ёрдамчи жихозлари, бошқарув тизими, эксплуатация қилиш, жорий ва капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш каби мавзуларни бевосита ишлаб чиқариш билан боғлаб, ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашади.
Кафедра филиалида тизимли равишда олиб бориладиган амалий машғулотлар учун дарс жадвали ТИҚХММИ ўқув ишлари бўйича проректори профессор Б.С.Мирзаев томонидан тасдиқланган.
Шунингдек, ТИҚХММИ ректорипрофессор Ў.П.Умурзоқов ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раиси А.А.Сангинов томонидан тузилган ўзаро ҳамкорлик шартномасига асосан мазкур таълим йўналишидаги 30 нафаргача талабалар учун ҳар йили ўқув-ишлаб чиқариш амалиёти ҳам Чирчиқ ГЭС лар каскадларида олиб борилиб, улар ушбу объектларда ишлаб чиқариш учун кўникма ҳосил қилишади.
Бундан ташқари, талаба ва магистрантлар ГЭС таркибига кирувчи гидротехник иншоотлар –деривация канали, напорли ҳовуз, сув қабул қилиш иншоотлари, турбина ва сўриш қувурлари, сув ташлаш иншоотлари, олиб кетиш канали каби иншоотларнинг эксплуатация қилиш жараёнларида иштирок этишиб, йиллик, ярим йиллик, чорак, ойлик ва декадалар бўйича сув сарфи ҳамда ишлаб чиқарилаётган электроэнергия миқдорини ҳисобларини олиб бориш тартибини ўрганишади.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов