Азимнома – назмнома

Шоирлар ичида буюклик ва суюклик нисбатини эл дардига малҳам бўлишдек мақсад билан уйғунлиги ҳақида сўз кетса, истеъдодли шоир, Бутунжаҳон шоирлар Конгрессининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн беихтиёр кўз олдингизга келади. Айрим шоирлар шеър ёзади, лекин  ўз шеърини ёддан билмайди ёхуд ифодали ўқий олмайди. Азим ака ўз шеърларини жўшқин тарзда ўқиши билан барчанинг эътиборига тушишини институтимизда ташкил этилган “ИБРАТЛИ, ИЖОДКОР ИНСОНЛАР” рукнидаги ижодий мулоқотда яққол ҳис этдик. Азим Суюн билан ўтган ижодий мулоқот самимий ва қизиқарли тарзда кечди. Яқинда чоп этилган “Эй дўст, ёхуд Азимнома” деб номланган китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Азим Суюннинг назмий ва насрий қайирмалари ўзининг салмоғи, залворли юки ва теран мазмуни билан алоҳида ажралиб туради. Унинг Умар Хайём, Саъдий Шерозий, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ва Бобур ижодига бефарқ эмаслигини шеърларини мутолаа қилиш асносида сезиш қийин эмас. Азим Суюннинг ғайрати ва меҳнати билан қайирма ҳам мустақил жанр хусусиятига эга бўлгани сир эмас. “Эй дўст” деган сатр шунчаки мурожаат эмас, у турли ўринларда турлича маъно ва оҳанг касб этади. Тўртликни маъно ва шакл жиҳатидан янгиламоқда.  Шу билан Шарқда минг йиллардан бери ўзгартириб бўлмайдигандай туюлган тўртлик, энг муҳими, янгича руҳда кўринмоқда, дея баҳо берган ушбу китобга сўзбоши ёзган Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов. Институтимизда ташкил этилган тадбир ниҳоясида шоирга эсдалик совғалари ва Институт ректори Ў.Умурзаков ва “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасасининг директори томонидан имзоланган ФАХРИЙ ЁРЛИҚ тақдим этилди. Маънавий тадбир кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.

“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ассистенти Баҳриддин Муқимов ахбороти

Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов