Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон миллий тараққиётининг янги босқичидир

Тараққиёт ва юксак ривожланишга эришган давлатлар тажрибасига кўра, ҳар бир халқ ўз олдига улуғ ва истиқбол мақсадларни қўйиши ҳамда уни амалга ошириш салоҳиятлари билан жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллайди. Бугун кунда Ўзбекистон ҳам ўз тарихининг ана шундай масъулиятли чорраҳасида турибди, десак, муболаға бўлмайди. Бинобарин, 2017 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси истиқболимиз тақдирини ҳал этувчи муҳим ва янги давр босқичини ифодаловчи миллий ғояга айланмоқда. 

Айнан “Ҳаракатлар стратегияси” тўғрисида жорий йилнинг 20 февраль куни “Ер ресурсларини бошқариш” факультети талаба-ёшлари жойлашган 1 - талабалар турар жойида 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда факультетнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова, “Олий математика”  кафедраси мудири Б.Худояров ва кафедрани профессор-ўқитувчилари, Ш.Лакаев, Ф.Тўраев, А.Абдуллев, Х.Холтўраевлар иштирок этишди.  

Хўш, стратегия нима? 

У халқнинг мақсадларини қандай таъминлайди? Стратегия - бу таълимотни излаш, ифодалаш ва ривожлантириш тизими бўлиб, у изчиллик билан ва тўлиқ амалга оширилганда узоқ муддатли муваффақиятни таъминлайди. Ушбу Стратегияда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш каби масалалар тараққиётимизнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини янада мустаҳкамлаш мақсадида миллий иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, инвестициялар таркибини такомиллаштириш йўли билан вилоятлар, шаҳар ва туманларнинг иқтисодий муаммоларини ечиш, ҳудудларни босқичма-босқич ривожлантириш, ҳар бир шаҳар ва туманни пухта ўйланган режа ва лойиҳалар асосида барқарор тараққий эттириш, фаолият юритмаётган саноат корхоналарига инвестициялар киритиб, уларга қайтадан жон бағишлаш, ишсизликни камайтириш, ялпи бандликни таъминлаш ишларини амалга оширишни долзарб вазифа сифатида белгиланганлиги тўғрсида талаба ёшларга маълумотлар берилди. 

ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти 
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов