Китоб тақдимоти

Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи экани ҳақ. Халқимиз тилида ҳам китоб ўқиб билим ва муносиб таълим-тарбия олиш, илм-фан билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Бахт белгиси – билим”, “Билим – ақл чироғи”, “Гўзаллик – илму маърифатда”, “Илм бахт келтирар, билим тахт келтирар”, “Ҳунар – оқар булоқ, илм – ёнар чироқ”, “Олтин олма, билим ол, билим олсанг, билиб ол”. Бундай пурҳикмат нақлларни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Энг муҳими, неча минг йиллардан буён сайқалланиб, не-не авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқона ҳикматлар негизидаги асл ҳақиқат шуки, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли ва давлатли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва китоб мутолаасини умр бўйи канда қилмасликдир. Айниқса, ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди.

“Олтин қалам” миллий мукофотининг лауреати, “Турон” фанлар академиясининг академиги, таниқли режиссёр Ҳамид Қаҳрамонов билан институтимизда ўтказилган ижодий мулоқот “ИБРАТЛИ, ИЖОДКОР ИНСОНЛАР”  рукнида ташкил этилди. Ҳамид Қаҳрамоновнинг   “Даҳолар сув ичган дарёлар” китоби тақдимоти ҳам даврага маънавий руҳ бахш этди.

Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Умида Абдуазимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дадахон Ёқубов, Ўзбекистон қаҳарамони Абдулла Ориповнинг қизлари Шоира ва Юлдуз Орипова, таниқли санъаткор Ғайбулла Қўчқоров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артитст Света Худойбергановалар иштирок этишди. Уларнинг чиқишлари бевосита китобхонлик маданияти ва Ҳамид Қаҳрамоновнинг режиссёрлик фаолияти билан боғланди. Таассурот ва хотираларга йўғрилган тадбир қизиқарли ва мароқли тарзда кечди.

Зеро, китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида тенгдошлар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир.

Соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда, «Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир». Шу маънода, шаклидан қатъи назар, барча китоблар миллий ўзлигимиз ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилиши айни муддао.

Ҳамидулла ака Марказий Осиё ва Қозоғистонда Амир Темур  сиймосини яратиш бўйича “Энг яхши режиссёр” номинацияси ғолиби бўлганлари ҳақида сўз юртидилар. Бундай ютуқларга сабаб Шукур Бурҳонов, Зикир Муҳамаджонов Шуҳрат Аббосов каби таниқли элпарвар санъаткорлар билан ҳамкорликда фаолият бўлганини эътироф этди. 

Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятни эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбир ниҳоясида Ҳамидулла Қаҳрамоновга Институт жамоасининг эсдалик совғалари ва Ректоримиз Ўктам Пардаевич Умурзаков ҳамда “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасасининг ФАХРИЙ ЁРЛИҒИ камоли эҳтиром ила топширилди.

“Гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов