Нуфузли халқаро конференция ўз ишини якунлади

Маълумки, ўтган йили 18-19 октябрь кунлари Россия федерацияси президенти Владимир Путиннинг Республикамиз пойтахтига давлат ташрифи доирасидаги таклиф ва келишувларнинг аҳамияти бугунги кунда ўз рўёбини кўрсатаётгани сир эмас. Ўшанда "Янги иқтисодиётга янги ходимлар" таълим форуми иккита давлатнинг 140 та етакчи олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида ўтказилганди. Бу эса иккала давлат олимлари ўзаро ҳамкорлигининг мустаҳкамланишига, кенгқамровли илмий лойиҳа ва амалий-назарий йўсиндаги фаолиятга мезон бўлгани рост. Айни пайтда иккала мамлакатнинг 130 дан зиёд олий таълим муассасалари ўртасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот ишларидаги ўзаро ҳамкорликлар доирасида шартномалар имзоланди.

Хусусан, Тошкент ирригация қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Москва давлат қурилиш университети орасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида истиқболли режалар ва келишувлар белгилаб олинганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдухакимов томонидан 2018 йил 22 октябрда тасдиқланган “Ўзбекистон-Россия таълим форуми доирасида имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)”га мувофиқ жорий йилнинг 18 - 21 апрель кунларида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Миллий тадқиқот Москва давлат қурилиш университети ва “Гидропроект” АЖ билан ўзаро ҳамкорликда қурилиш соҳасида эришилган ютуқларни тарғибот қиладиган «Construction the formation of living environment» (FORM-2019) мавзусида ўтказилган XXII халқаро илмий конференция олтита шўъбага бўлинган ҳолда тўрт кунлик қизғин жараёндан сўнг ниҳоят ўз ишини якунлади. Қурилиш, фан ва таълим соҳасидаги дунёвий тажриба ва анъаналарни оммалаштириши ҳамда долзарблиги билан ушбу Халқаро конференция катта аҳамият касб этди. Айниқса, ёшлар инновацияси бўйича ўтказилган семинарда ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳияти, инноваторлик иқтидори яққол кўзга ташланди.

Институтимиз ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич конференция якунида республикамиз пойтахтига ташриф буюриб институтда ҳамкорликда ташкил этилган халқаро анжуманда ўз маъруза ва чиқишлари билан иштирок этган хорижлик меҳмонларни самимий қутладилар. Сўнгра Миллий тадқиқот Москва давлат қурилиш университети профессори Андрей Журавлев, шу таълим муассасасининг илмий сиёсий бошқармаси бошлиғи Адамцевич Алексей Олеговичлар ташкилотчилик ва меҳмоннавозик учун институтимиз жамоасига ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Ўзларининг қизиқарли, илмий янгиликларга бой, пухта ва долзарб мавзудаги маърузалари билан иштирок этган олимларга, шунингдек, ёш тадқиқотчиларга диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди. Хорижлик меҳмонлар халқаро конференция муносабати билан барча ташкилотчиларга ўзларининг дил истакларини ва самимий тилакларини изҳор қилишди. Улар ўзига хос эҳтиром билан уч-тўрт кун мобайнида ўзбекона мулозамат ва меҳмондорчиликлар таъсирида чинакам ўзбекка айланиб қолганликларини лутф этишди. 

       Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов